Янги Зеландияда ғайриоддий ўғирлик содир этилди
Янги Зеландия полицияси Окленд шаҳри марказидаги заргарлик дўконидан қимматбаҳо “Faberge James Bond Octopussy” заргарлик буюмини ўғирлашда айбланаётган 32 ёшли эркакни ҳибсга олди, деб хабар бермоқда “The Guardian” нашри.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 29 ноябрь куни тушдан кейин “Partridge Jewellers” сотув маркази ходимлари эркак витринадан бўйинга тақиладиган зийнат буюми – кулонни олганини ва уни дарҳол ютиб юборганини полицияга маълум қилган. Патруль гуруҳи воқеа жойига етиб келиб, гумонланувчини дарҳол қўлга олган.
Тергов хулосасига кўра, ўғри қиймати 19,2 минг АҚШ доллари бўлган заргарлик буюмини ўғирлашда айбланмоқда.
Маълумот ўрнида: “Faberge” дунёдаги машҳур заргарлик брендларидан бири ҳисобланади. Кулон 18 каратли сариқ олтиндан ясалган, 60 дона оқ бриллиант ва 15 сапфир билан безатилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА