Янги Зеландияда 13 ёшли бола 100 га яқин кучли неодим магнитларини ютиб юборганидан сўнг оғир аҳволда касалхонага ётқизилди, деб хабар бермоқда “CNN” нашри.
Таъкидланишича, шифокорлар жарроҳлик амалиёти пайти бола ичагининг бир қисмини олиб ташлашга мажбур бўлишган.
Болакай ютган магнитларнинг ҳар бири 2-5 мм ҳажмда бўлган. Бундай магнитлар одатда стол безаклари ёки стрессга қарши ўйинчоқлар сифатида сотилади.
Магнитларнинг кучли тортиш кучи ичак деворларини бир-бирига ёпиштириб қўяди, бу эса тўқималарнинг ўлиши (некроз), тешилиш ва ҳатто ҳаёт учун хавфли инфекцияга олиб келиши мумкин.
Аввалига, беморда қорин оғриғи кузатилгач, орадан бир ҳафта ўтгач шифокорга мурожаат қилган. Компьютер томографияси магнитлар ичак ичида тўртта занжир ҳолида ёпишиб қолганини кўрсатган.
Операция вақтида магнитлар босими туфайли ичак деворларида некроз ва йиртилиш бошлангани аниқланган. Магнитлар олиб ташланган, бироқ бола ичагининг бир қисми кесиб олинган.
Янги Зеландия ва Австралияда магнит буюмлар савдоси тақиқланган, бироқ уларни интернет орқали бемалол сотиб олиш мумкин. Мутахассислар ота-оналарни огоҳлантириб, бундай магнитларни болалар қўлига тушмаслигини қатъий назорат қилишга чақирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА