Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги даври бошланмоқда
10:47 / 2020-07-25

Куни кеча Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармон ва ижро

Куни кеча Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармон суд-ҳуқуқ ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилган. Хўш, суд тизимида қандай янгиликлар кутилмоқда? Бу саволга фармон асосида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Қайси судлар тугатилмоқда?

Маълумки, ҳозирга қадар вилоят даражасида фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар мавжуд эди. Бу эса, ўз навбатида, турли харажат ва штатларни талаб этар эди. Лекин энг асосийси бу эмас.

Маълумки, ҳар бир судья кўрадиган ишлар сони қайсидир судларда кўп ва қайсиларидадир кам эди. Фармон билан мазкур судлар бирлаштирилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш орқали мазкур масалага ечим топилишига эришилади.

Маъмурий судлар қоладими?

Фармон билан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилмоқда. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш белгиланмоқда.

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган 199 туман (шаҳар) маъмурий судларининг ўрнига туманлараро маъмурий судларнинг ташкил этилишининг асосий сабаби шундаки, бугунгача маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган ишларнинг ўрта ҳисобда 90 фоизни маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ташкил этган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди (stat.sud.uz) маълумотига кўра, 2019 йил 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан биринчи инстанция тартибида 286 минг 772 маъмурий ҳуқуқбузарлик, 25 минг 550 материал ва 12 минг 159 оммавий низо, жами 324 минг 481 та иш (материал)лар кўриб ҳал этилган.

Кўриниб турибдики, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилиши маъмурий судларнинг маълум маънода оптималлаштирилишини тақозо қилмоқда.

Бироқ, масаланинг яна бир жиҳати шундаки, энди маъмурий судлар ривожланган давлатлар (мисол учун Германия) илғор тажрибасида мавжуд бўлгани каби маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга янада кучлироқ ихтисослашишига имкон бўлади.

Бу эса, янги Ўзбекистоннинг танлаган йўли, яъни маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишига бундан кейин ҳам катта эътибор қаратилишини англатади.

Прокурор ваколати қисқартириладими?

Ҳозирга қадар суд томонидан тегишли қарор қабул қилиб бўлинган суд ишларини прокурор томонидан ўз ташаббусига кўра чақириб олиб ўрганиш амалиёти мавжуд эди. Бу эса қайсидир маънода тарафлар мурожаати бўлмай туриб суд ҳужжатини ўрганилиши, яъни суд устидан назорат маъносини ҳам англатар ва турли халқаро ва миллий мутахассис-олимларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлар эди.

Фармон билан прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш тизими жорий қилинмоқда. Бу эса прокурор ваколатини маълум маънода қисқариши, прокурорнинг ўз ташаббусига кўра суд ишларини ўрганиш амалиётига барҳам беради.

Фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштироки ҳам камаядими?

Фармон билан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда.

Дейлик, иккита фуқаро ёки иккита тадбиркор ўртасида шартномавий ҳуқуқий масалада низо юзага келди. Бу соф ҳолда хусусий-ҳуқуқий муносабат бўлиб, ишда прокурорнинг иштироки аслини олганда умуман кераксиз. Чунки прокурор қайсидир тарафнинг фойдасига фикр билдириши унинг холислигига, ўз навбатида, қарши тарафнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлса, прокурорнинг қонун ҳимоячиси сифатида икки тарафга ҳам ён босмай фақат қонун ҳимоясида туриши эса қайсидир маънода судьянинг ролини бажаришига ўхшаб қолар эди.

Шунинг учун ҳам кўпгина ривожланган давлатлар (Германия, Франция, АҚШ ва бошқа)да прокурорнинг фуқаролик, иқтисодий ишлар ва, ҳаттоки маъмурий низолар кўрилишида судда иштироки айрим истисноли ҳоллардан ташқари умуман мавжуд эмас. Мазкур ривожланган хорижий давлатларда прокурор асосан жиноят ишлари юзасидан судда иштирок этиши ва дастлабки терговни мувофиқлаштириши назарда тутилган.

Фармон билан фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштирокининг қисқартирилиши хусусий-ҳуқуқий муносабатлар доирасидаги низоларнинг тарафлар ўртасида, прокурор аралашувисиз, ўзаро ҳал қилиниши имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Судьялар мақоми янада кучайтириладими?

Фармон билан судьялар мақомини кучайтиришга қаратилган бир қанча янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, барча судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилмоқда. Шунингдек, судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилмоқда ҳамда судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилмоқда.

Ўйлаймизки, фармонда назарда тутилган янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди. Одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади, пировардида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субьектлари ҳимояси янада мустаҳкамланади.

Жўрабек Нематов,

ТДЮУ маъмурий ва молия ҳуқуқи

кафедраси доценти, юридик фанлар доктори.