English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги завод қурилишига тамал тоши қўйилди
16:26 / 2026-02-04

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида янгидан қурилиши арафасида турган яна бир йирик заводнинг тамал тошини қўйиш маросими ўтказилди.

Унда экология соҳаси фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни маиший чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишида муҳим ўрин тутадиган янги завод қурилишининг тамал тоши қўйилиши муносабати билан қутлади.

Маросимда таъкидланганидек, хитойлик инвесторлар томонидан чиқиндини ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган, уларни қайта ишлаш йўналишида муҳим лойиҳалардан бири бўлган ушбу заводни 80 миллион АҚШ доллар маблағ ҳисобидан ишга тушириш орқали йилига 274 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланади. Бундан ташқари, 80 минг Мегаватт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, лойиҳа натижасида Оролбўйида илк бор чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш ва уларни утилизация қилиш йўналишида махсус экосаноат зонаси ташкил этилади.

Албатта, экологик муҳитни яхшилаш, маиший чиқиндилар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш борасидаги бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлиги йўлида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири