Фарғона вилоятидаги ДХХ чегара қўриқлаш ҳарбий қисмларининг Фарғона тумани ҳамда Қувасой шаҳар ҳудудидаги чегара қўриқлаш ҳарбий бўлинмаларида янги кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
Фарғона туманида умумий қиймати 24,88 миллиард сўм бўлган қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида 3 қаватли маъмурий бино ҳамда 16 хонадонли иккита турар-жой, болалар спорт ва ўйин майдончалари барпо этилди, ҳудуд ободонлаштирилди. Қувасой шаҳрида эса 8,31 миллиард сўм маблағ ҳисобига 5 қаватли 48 хонадонли турар-жой қуриб битказилди.

Янги хизмат уйларини чегарачиларга топшириш тадбирларида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни кириб келаётган янги йил билан қутлаб, 2023 йил юртимизга қутлуғ, баракотли йил бўлишига, чегараларимизда ҳамиша тинчлик, хотиржамлик ҳукм суришига тилак билдирди.

Президентимиз томонидан бошланган ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган энг муҳим ва устувор йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан, ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда. Мазкур фойдаланишга топширилган янги хонадонлар ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.

Тадбирларда ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмаларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларга янги хизмат уйлари калитлари, шунингдек, оилаларига совғалар топширилди. Рамзий ленталар қирқилиб, йиғилганлар хонадонларда яратилган шароитлар билан танишдилар.
М.Сулаймонов,
ЎзА