French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йилдан Сурхондарёда 16 нафар тергов судьяси иш бошлайди
16:05 / 2024-12-18

Бугун Сурхондарё вилоят судида Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва тергов судьяси институти жорий этилишига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда вилоят, туман-шаҳар судлари судьялари, прокуратура, адвокатура, ички ишлар ва божхона органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Семинарда вилоят суди раиси Абулқосим Рўзиқулов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Анвар Элмуродов, Cудьялар олий кенгаши судьяси Ваҳобжон Файзуллаев, Судьялар олий мактаби кафедра мудири Маҳаммадали Назаров ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда яхши самаралар бераётганини таъкидлади. Мазкур фармонга мувофиқ мамлакатимиз суд тизимида Янги йилнинг 1 январидан жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьяси институти жорий этилаётгани ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътиборнинг яна бир намунаси эканини қайд этди.  

Тадбир иштирокчилари тергов судьяси институтини жорий этишдан кутилаётган натижалар, кадрлар сиёсати, эътибор қаратиш лозим бўлган бошқа масалалар ҳақидаги маърузалар билан танишди.  

Таъкидландики, ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланиб келинаётган ушбу амалиётлар миллий менталитетимизга мослаштириб ишлаб чиқилди. Тергов судьялари ташкил этилган қатор хорижий давлатлар экспертлари иштирокида семинар ва давра суҳбатлари уюштирилди. Медиа-режа асосида фармоннинг мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинди. Талабалар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Тергов судьялари учун ажратилган штатларга энг тажрибали судьялар тайинланди. Жумладан, келаётган йилнинг биринчи январидан бошлаб Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида икки нафар ва барча туманларнинг ҳар бирида бир нафардан 16 нафар тергов судьяси иш бошлайди. Янги институтнинг жорий этилаётгани соҳадаги ортиқча ташвишларнинг олдини олиб, одил судловни таъминлашда муҳим ўрин тутади.  

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири