Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йилда янги шифо маскани
12:09 / 2024-12-24

Наманган вилоятида ҳар йили шонли сана ва байрамлар арафасида ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектларини фойдаланишга топшириш анъанага айланган. Хусусан, Янги йил байрамига муносиб туҳфа сифатида, Наманган шаҳрининг Қадамжо маҳалласи ҳудуди, Бобуршоҳ кўчасида “Boburshoh Medical Center” саломатлик маркази ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда вилоят сектор раҳбарлари, нуронийлар, соғлиқни сақлаш муассасалари мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлди.  

Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, қолаверса, тиббий туризмни ривожлантириш борасида бу каби янги шифо масканларининг ўрни ва аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. Узоқ вақтдан бери қаровсиз турган бино ака-ука тадбиркор Толибжон ва Алишер Эгамбердиев томонидан 25 миллиард сўмлик лойиҳа (шу жумладан 15 миллиард сўм – “Инфинбанк” кредити) ҳисобидан таъмирланди ҳамда Германия, Австрия давлатларидан келтирилган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.  

Хусусий клиникада 60 та янги иш ўрни яратилди. Саломатлик масканида терапия, неврология, кардиология, эндокринология ва гинекологик касалликлар даволанади. Физиотерапевтик муолажалар, айниқса, шифобахш маъданли сув ёрдамида соғлиқни тиклаш учун барча шароитлар яратилган.  

Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳудудда 1991 йили 2 минг 200 метр чуқурликдан +52 даража иссиқ ҳароратда бўлган маъданли сув қазиб чиқарилган.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА