Янги йилда янги фарзандлар дунёга келди
Сирдарёда Янги йилнинг илк соатлари қувончли воқеалар билан янада мазмундор, янада ёрқин бўлди. Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида 1 январь, соат 00:35 да Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Мадина Юсупова ўғилли бўлди. Бу унинг учинчи фарзанди. Ҳозирда она ва боланинг саломатлиги яхши.

– Янги йилнинг илк соатларида соғлом чақалоқлар дунёга келиши нафақат оилалар учун, балки бутун вилоят аҳолиси учун катта қувонч манбаи ҳисобланади, – деди Сирдарё филиали директори, акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева. – Бизнинг марказимизда замонавий, қулай шароитлар яратилган бўлиб, унда малакали ва фидойи мутахассислар меҳнат қилади.
2025 йил 31 декабрь куни Сирдарё филиали ва унинг туман ва шаҳар туғруқ бўлимларида 36 нафар чақалоқ туғилган бўлса, 1 январь соат 15:00 гача яна 11 нафар чақалоқ дунёга келди. Уларнинг 7 нафари қиз, 4 нафари эса ўғил.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири