2026 йилда мамлакатимиз спортчиларини халқаро аҳамиятга эга турнирлар, комплекс мусобақалар кутмоқда. Айтиш лозим, келаётган йил 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига рейтинг очколарни, саралаш мусобақаларига изн берилиши билан аҳамиятли давр саналади.
Келгуси йилнинг 6-22 февраль кунлари Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо масканларида қишки Олимпия ўйинлари бошланиши билан янги йилнинг комплекс мусобақаларига старт берилади.

Шундан сўнг, Италия 6-15 март кунлари ўтадиган қишки Паралимпия ўйинларига дунёнинг энг кучли матонат ва ирода соҳибларини чорлайди.
Келаётган йилнинг 22-30 апрель кунлари Хитойнинг Саня шаҳри соҳил бўйи Осиё ўйинларига, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри 23-29 июнь кунлари БРИКС ўйинларига, Қозоғистон пойтахти Остона 18 июль-1 август кунлари “Келажак ўйинлари-2026”га мезбонлик қилади. Кўпгина мамлакатлар қатори Ўзбекистон спортчилари ҳам ушбу нуфузли спорт тадбирларига ҳозирлик кўрмоқда.

Келгуси йилнинг 11 июнь-19 июль кунлари АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида футбол бўйича ташкил этиладиган Жаҳон чемпионати миллионлар ўйинининг дунёдаги ихлосмандлари қатори ўзбекистонлик мухлислар диққат марказидаги мусобақа бўлиши шубҳасиз.
2026 йилнинг Ўзбекистон спортчилари учун энг эътиборли мусобақаларидан яна бири, октябрь-ноябрь ойларида Япониянинг Аичи-Нагоя ҳудудида ўтадиган ёзги Осиё ва пара Осиё ўйинларидир.

Шундан сўнг, эътиборимиз 2026 йилнинг 31 октябрь-13 ноябрь кунлари Сенигал Дакар шаҳрида ташкил этилиши кутилаётган ёшлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ҳамда йилнинг сўнгги ойи декабрда Саудия Арабистонида бўладиган ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйча уюштириладиган Осиё ўйинларига қаратилади.
Кўриниб турибдики, спорт мухлислари ўтаётган йилдагидек келаётган янги йилда ҳам қизиқарли спорт беллашувларига, шиддатли баҳсларга гувоҳ бўлади. Истагимиз, мазкур нуфузли спорт тадбирларида Ватанимиз номи бот-бот жарангласин, мадҳиямиз баралла янграсин, байроғимиз сарбаланд бўлсин.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА