Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ва вилоят онкология диспансерида Янги йилни кутиб олаётган беморлар ҳолидан хабар олиб, байрам билан табриклади. Уларнинг оилалари бағрига соғ-саломат қайтиши учун зарур тиббий муолажаларни сифатли ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Байрам совғаларини топшириб, тезроқ соғайиб кетишларини тилади.

Ўтган йил вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида 23 минг 476 нафар ўғил-қиз даволанди. 15 дан ортиқ юқори технологик ва юқори малакали янги даволаш услублари жорий этилди.
Касалхона бош шифокори Акмал Атамуродовнинг айтишича, болалар тиббиёт марказида даволаш самарадорлигини ошириш учун ўтган йил бешта замонавий янги тиббий ускуна олиб келинди. – Бу ускуналар туғма юрак нуқсони ва туғма эшитиш пастлигини эрта ташхислаб, даволаш сифатини яхшилади. Хирургия йўналишида етти турдаги янги жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди.

– Ўн икки ёшдаги ўғлим билан Янги йилни шифохонада кутиб оляпмиз, – дейди Жарқўрғон туманидаги Пахтаобод маҳалласида яшайдиган Адолат Ирманова. – Барча бемор болаларга тиббиёт ходимлари меҳр бериб даволамоқда. Вилоят ҳокими йўқлаб келиб, ҳол-аҳвол сўрагани ва Янги йил билан табриклаб, совғалар бергани фарзандларимизга ўзгача қувонч бағишлади. Болажонларнинг тезроқ тузалиб кетишига далда бўлди.
Вилоят онкология диспансерида якунланган йилда ўн минг бемор даволанди. Айни пайтда 7 минг 150 бемор рак касаллигининг турли кўринишлари билан ҳисобда туради. Ўтган йил шифохона 5,5 миллион доллар қийматидаги замонавий ускуна билан жиҳозланди. Бу маблағнинг 2,5 миллион доллари Жанубий Корея инвестицияси бўлиб, муолажаларни замонавий услубда сифатли ўтказиш жорий этилди.

Шу куни Термиз шаҳрида “Ягона ижтимоий реестр”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига ҳам бир олам қувонч улашилиб, Янги йил совғалари етказиб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири