Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йил ярмаркаларидан аҳоли мамнун (+видео)
16:02 / 2023-12-21

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда Янги йил байрамини нишонлаш учун аҳолига қулай шароитлар яратиш масаласи муҳокама қилиниб, унда маданий-маърифий, бадиий тадбирларни юқори даражада ўтказиш, кўнгилочар дастурлар, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш мутасадди раҳбарларга юклатилди.

Байрам шукуҳи кезиб юрган айни кунларда кўрсатилаётган хизмат сифатини янада юксалтириш, барча турдаги қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига арзон нархларда етказиб бериш мақсадида Жиззах шаҳрининг “Эски шаҳар” деҳқон бозорида анъанавий қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада 40 турдан зиёд озиқ-овқат, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги ҳамда қандолатчилик маҳсулотлари арзон нархларда сотилмоқда.  

– Қувонарлиси, ушбу ярмарка, нафақат байрам арафасида, балки йил 12 ой ишлаб туради ва мен ҳамиша рўзғор учун зарур бўладиган маҳсулотларни шу ердан оламан, – дейди Шароф Рашидов тумани Учтепа даҳасида яшовчи, меҳнат фахрийси Ўктам Тўрақулов. – Муҳими, маҳсулотларнинг сифати юқори, нархи эса анча арзон.  

– Дўстлик туманидан келгандим. “Эски шаҳар” деҳқон бозори ҳудудидаги “Байрам ярмаркасига хуш келибсиз” деган ёзувни ўқиб, ичкарига кирдим, – дейди Наргиза Ризаева. – Ҳамма маҳсулотлар бозордагидан анча арзон. Масалан, бозорда 1 килограмм мол гўшти 80 минг, қўй гўшти 85 минг сўм, ушбу ярмаркада эса 60 минг сўмдан экан. Ёғ, ширинлик, ҳўл меваларнинг нархи ҳам дўкондаги ва бозордагидан арзон. Шундай бўлгач, маҳсулотларни, албатта, ярмаркадан оламизда. Янги йил байрами арафасида давлатимиз томонидан аҳолига яратилаётган бундай қулайликлардан миннатдормиз.  

– Бозорда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида мавсум давомида деҳқон-фермерлар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилган, – дейди “Эски шаҳар” деҳқон бозори раисининг ўринбосари Азиз Йўлдошев. – Айни пайтда барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 1 минг 40 тонна захираси мавжуд бўлиб, бу 2024 йилнинг май ойигача етади.  

[gallery-15152]

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 февралдаги “Ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш ва аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бозорлар ва улардаги нарх-наволарнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда байрам кунларида Жиззах шаҳар ва вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқатлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган ишлар йил давомида изчил амалга оширилмоқда, – дейди Жиззах вилоят прокуратураси бўлим прокурори Феруз Бегмуҳаммедов. – Янги йил байрами арафасида вилоятнинг барча шаҳар ва туман марказий бозорлари, аҳоли гавжум жойларда барча турдаги арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик, озиқ-овқат, гўшт, сут маҳсулотлари ярмаркалари ҳамда олис қишлоқлар аҳолиси учун кўчма савдо дўконлари ташкил этилган.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/O90VDdXTvo8" title="Yangi  yil   yarmarkalaridan aholi  mamnun" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео), ЎзА мухбирлари