Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йил янги уйларда нишонланади
11:26 / 2025-12-30

Термиз шаҳридаги Аму соҳиллари маҳалласида  “Авто сервис хизмати” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бунёд этган 620 хонадонли 31 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокчиларни Янги йил билан табриклаб, мамлакатимизда аҳолини барча қулайликларга эга уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Янги хонадонларнинг соҳибу соҳибаларига тинч, тўкин турмуш тилади. Болажонларга Янги йил совғаларини улашди.

Замонавий қурилиш материалларидан барпо этилган шинам уй-жойларда фаровон яшаш учун барча шароит яратилган. Зарур муҳандислик коммуникациялари ва қулай инфратузилма билан таъминланган. Хонадонларни имтиёзли шартларда харид қилиш учун ҳам қулай имконият берилган.

[gallery-26954]

Жорий йил вилоятда 9 минг 200 хонадонли 156 та кўп қаватли уй-жой қурилишига пойдевор ташланган эди. Ҳозиргача уларнинг юзга яқини фойдаланишга топширилди. Олти мингга яқин оила янги уй-жойли бўлди. Ўтган 9 йилда воҳада 31 мингта оилага мўлжалланган кўп қаватли уй қурилиб, аҳолининг турар-жой билан таъминланганлик даражаси қарийб 70 фоизга етди. Янги йилда Термиз шаҳрида яна 3 минг 500 хонадонли 55 та, Денов туманида 1 минг 700 хонадонли 25 та, Қумқўрғон туманида 850 хонадонли 15 та осмонўпар янги уй барпо этиш режалаштирилган.

Шу куни Термиз шаҳрининг Жўйжангал маҳалласидаги канал бўйида “Термиз қурилиш индустрия саноати” масъулияти чекланган жамияти барпо этган янги сайилгоҳ ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам ишга туширилди. Қиймати 6,5 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида 90 та янги иш ўрни яратилди. 

Вилоятда кўп қаватли замонавий уй-жой ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳа иншоотларини фойдаланишга топшириш давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири