Ҳар йили юртимизда Янги йил байрамини кўтаринки рухда кутиб олиш яхши анъанага айланган. Болажонлар ва уларнинг ота-оналарига юқори кайфият улашиш, қишки таътилда мароқли дам олишларини ташкил этишга катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Жумладан, Тошкентнинг асосий Янги йил арчаси тадбирлари Алишер Навоий номидаги кутубхона ёнида Истиқлол кўчасида 28 декабрь – 8 январь кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирда арчани ўрнатиш, ўйинчоқларни илиш, саҳна учун жой тайёрлаш, майдонни байрамона безатиш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари пойтахтда байрам кунлари яна бешта асосий арча безатилади.
Бу ясатилган арчалар Халқлар Дўстлиги ва Хадра майдонларида, Тошкент давлат цирки олдида, Next ва Compass савдо-кўнгилочар марказлари яқинида ва Алгоритм даҳасидаги Roison Elektronics корхонаси ёнида ўрнатилади. Бундан ташқари пойтахт туманларининг аҳоли учун қулай бўлган 17 та ҳудудида байрам арчалари ўрнатилиб, кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади. Ҳуллас, янги йилни халқимиз ва юртимизга келаётган меҳмонлар учун кўтаринки рухда кутиб олишларига барча имкониятлар ишга солинмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JeVeqC4yPqc" title="Yangi yil tadorigi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шарқда бозорлар ҳамиша давлатнинг маъмурчилигини, халқнинг маданиятини, ҳаёт даражасини ифодалаб келган. Бугун бозорларимиздаги тўкин-сочинлик, қишнинг аёзли кунлари бўлсада махсулотларнинг арзончилиги аграр соҳадаги ислоҳотларнинг меваси. Бозор маъмуриятининг қишга тайёргарлиги айниқса аёзли кунларда билинади. Янги йил тадориги билан бозорга тушган инсон борки, бу тайёргарликдан, давлат эътиборидан, бободеҳқон меҳнатидан бахраманд бўлиши керак.
Шу кунларда биргина “Эски Жува деҳқон бозори”да бир кунда 20 тонна қўй гўшти, 40 тонна мол гўшти, 50 тоннагача гуруч, 30 тонна картошка ва 25 тонна пиёз махсулотлари арзонлаштирилган нархларда харидорларга етказиб берилмоқда. Айниқса байрам кунлари бу миқдор янада ортади. Шунинг учун қиш заҳираси учун бозор маъмурияти томонидан 3 минг тонна картошка, 1730 тонна пиёз, 1190 тонна сабзи, 150 тоннагача гуруч маҳсулотлари жамғарилган. Арзонлаштирилган байрам ярмаркалари учун маҳсулот етказиб бериш бўйича деҳқонлар ва ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузилган.
Бош Прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан тақдим этилган маълумотга кўра пойтахт аҳолиси учун куз ва баҳор мавсумида нархларнинг барқарорлигини таъминлашга деҳқон бозорлари маъмурияти томонидан 12 430 тонна картошка, 9 630 тонна пиёз, 6 370 тонна сабзи ва 4 540 тонна гуруч маҳсулотларини етиштирувчилари билан захира қилиш бўйича шартномалар тузилган. Шунингдек, бугунги кунда деҳқон бозорларида ўсимлик ёғи, шакар ҳамда ун маҳсулотларининг ҳам захираси шакллантирилган.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, ЎзА