French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йил олдидан тантаналар бошланди
12:46 / 2025-12-22

Азалий анъанага мувофиқ, Жиззах шаҳри марказида Янги йил бош арчаси қад ростлади. Бу йил у аввалги йиллардан фарқли равишда янада замонавий ва кўркам қиёфада барпо этилди.

Байрамнинг асосий томошалари ўтадиган Ёшлар шаҳарчаси бундан кейин ҳам “Очиқ осмон остидаги ёшлар клуби” сифатида жамоатчиликка хизмат қилади. Ундаги бош арчанинг баландлиги 30 метр, диаметри 33 метрдир.

– Салкам бир ой давомида бошқармамизнинг 50 нафар ишчи-ходимлари ва 5 та махсус техника иштирокида байрам бош арчасини ўрнатиш, ёритиш ва безатиш ишлари тўлиқ якунланди. Арча гелий материалидан тайёрланган бўлиб, табиийга жуда ўхшайди, ёнувчанлик даражаси паст. Шу билан бирга, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ёнғинга қарши ишлов берилди. Арчанинг барқарорлиги махсус лойиҳа-смета хулосалари асосида таъминланиб, ҳар бири 10 тонна юкни ушлаб тура оладиган 35 та трос билан мустаҳкамланди. Майдонга ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлиги ва байрамни кўнгилдагидек ўтказишлари учун барча чоралар кўрилган, – дейди Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ташқи ёритиш тизимидан фойдаланиш участкасининг бошлиғи Зоҳид Пўлатов.

[gallery-26849]

Майдонни безаш ва ёритиш ишлари ҳам ўзига хос услубда амалга оширилди. Мусиқага мос ўчиб-ёнувчи ранг-баранг чироқлар, 360 даражага айланувчи нур таратгичлар ва лазер ёритиш воситалари тунги пайтда ҳақиқий эртакнамо манзара яратади.

Ёшлар шаҳарчаси бўйлаб ўтган туризм кўчаси эса бетакрор гўзалликни акс эттирувчи қандиллар билан безатилиб, янги декоратив чироқлар ўрнатилди. Барча ёритиш ишларида энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилгани ҳам эътиборлидир.

Шунингдек, шаҳарча ҳудудида кузги-қишки гуллар, ёш можжовельник ниҳоллари экилиб, ташқи ландшафт янада обод ва кўркам қиёфа касб этди. Байрам арчаси атрофида савдо ярмаркалари, кўнгилочар ўйинлар ва аттракционлар фаолияти йўлга қўйилиб, ҳадемай қишки таътилга чиқувчи болажонлар учун айни муддао бўлди.

Жиззах шаҳридаги Янги йил марказий арчасидан ташқари, “Кўксарой” савдо мажмуаси, Ўрда экобоғи майдони ҳамда вилоятнинг барча туман марказларида ҳам байрам арчалари ўрнатилди.

Ёшлар шаҳарчасидаги марказий арчанинг тантанали очилиш маросими йиғилганлар учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Ёшлар инновацион марказидан бошланган қорбоболар оркестри карвони Ёшлар сайилгоҳ кўчаси бўйлаб сайр қилиб, байрам кайфиятини бутун шаҳарга улашди. Ёниб турувчи либослардаги қорбобо ва қорқизлар, қувноқ мусиқа садолари остида аҳолига чинакам Янги йил шукуҳини ҳис эттирди.

Мусафффо қиш ҳавоси ва пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорларнинг чиқишлари бир-бирига уйғунлашиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бахш этди. Тадбир якунидаги мушакбозлик эса байрам завқини янада оширди.

Жиззахликлар ва вилоятга ташриф буюрган меҳмонлар Янги йил нафасини нафақат марказий байрам арчаси атрофида, балки воҳанинг ҳар бир туманида, ҳар бир қадамда ҳис этишлари мумкин.

Абдужалол Қаюмов (фото-репортаж), ЎзА мухбири