Тошкентнинг асосий Янги йил арчаси тадбирлари ўтказиладиган Алишер Навоий номидаги кутубхона қаршисидан кенг майдонга бўйи 35 метр, диаметри 13 метрдан зиёдни ташкил этган ва оғирлиги 7.5 тонна бўлган бош арча ўрнатилди. Ундаги 33 мингдан зиёд ўйинчоқлар, 1500 дан ортиқ безаклари болажонлар учун ҳақиқий эртак мўжизасини тақдим этди. Янги йил тантаналарини қорбоболар паради бошлаб берди. Жўшқин мусиқа садолари остида Амир Темур хиёбонидан келган қорбоболар бош арча атрофида ўз санъатлари билан келганларга юқори кайфият улашишди.
Дарҳақиқат, ҳар йили юртимизда Янги йил байрамини кўтаринки руҳда кутиб олиш яхши анъанага айланган. Болажонлар ва уларнинг ота-оналарига юқори кайфият улашиш мақсадида концерт дастурлари, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги турли шоулар, ранг-баранг дастурлар қишки таътил завқини янада оширади.
<iframe width="1188" height="668" src="https://www.youtube.com/embed/Tjk00gI4sZs" title="Yangi yil bosh archasi barchaga quvonch ulashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бош арча атрофида хилма-хил атракционлар, турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилди. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун 6 та нуқтада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари хавфсизликни таъминлайдилар. Улар детекторлар билан ҳар фуқарони назоратдан ўтказмоқдалар. Атрофга ўрнатилган кузатув камералари юзни таний олади ва олинган маълумотлар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ситуацион марказига узатилади. Шу билан бирга Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари тажрибали ходимлари ҳам жалб қилинган. Майдон атрофида 4 та йирик автотураргоҳ ташкил этилди.
Бундан ташқари пойтахт туманларида ҳам аҳоли учун қулай ва яқин манзилларда байрам арчалари ўрнатилиб, кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хуллас, байрам тадбирларини фуқаролар кўтаринки руҳда ва хавфсиз кутиб олишлари учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА