Тошкент шаҳрида 2025–2026 йилги Янги йил байрам тадбирларига тайёргарлик ишлари бошланди. Пойтахтда байрамона муҳитни яратиш, оммавий тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Асосий тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олд майдонида амалга оширилмоқда. Мазкур ҳудудда пойтахтнинг бош Янги йил арчаси ўрнатилиб, байрам тадбирларининг марказий майдони шакллантирилади. Шу билан бирга, шаҳар туманларида байрам арчалари ўрнатиш, боғ ва майдонларни безаш, ёруғлик инсталляциялари ҳамда байрамона саҳналарни тайёрлаш ишлари босқичма-босқич бажарилмоқда.
Тайёргарлик жараёнида транспорт ҳаракатига ҳам вақтинчалик чекловлар киритилади. Хусусан, 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 15 январгача Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олд майдонига туташ Зарафшон, Истиқлол ва Буюк Турон кўчаларининг айрим қисмлари транспорт ҳаракати учун ёпилади. Шунингдек, 2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 5 январгача Тарас Шевченко гастрономик-туризм кўчаси ҳамда унга туташ Сайид Барака кўчасининг айрим қисмларида ҳаракат вақтинча чекланади.
Масъуллар пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан ушбу чекловларни инобатга олиб, ҳаракатланиш йўналишларини олдиндан режалаштиришни сўрамоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yc7Tp8SlUZs" title="Yangi yil bayramiga tayyorgarlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов (видео), ЎзА