Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йил байрами ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлайди?
12:21 / 2025-12-30

Президентимизнинг тегишли фармонига асосан Янги йилда барча ходимлар (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) кетма-кет 5 кун дам олади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунларда тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида вазирликда алоҳида штаб ташкил этилган.

Шунингдек, 31 декабрь – 4 январь кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 20 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Қўшимча ўринлар ва дори-дармонлар захираси яратилган.

Шунингдек, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.

Янги йил байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида "103" хизматидагилар ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 167 та станция, 63 та подстанция ва 1 436 таянч пунктида 2 860 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан бўладиган чақирувлар учун доимий шай ҳолда.  

Бундан ташқари, байрам кунлари мамлакатимиздаги 231 та туғуруқ, 233 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (1003) қисқа рақамли "Ишонч телефони" орқали эса тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан туну кун жавоб олиш мумкин.

Моҳигул Қосимова тайёрлади,

ЎзА