French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги йил байрами учун 18 та ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо-дўконлари иш бошлади
20:19 / 2021-12-29

Пойтахтимиздаги Сайилгоҳ кўчасида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Brodway craft bazar Tashkent–2021” мавзуидаги ҳунармандчилик маҳсулотларининг кўргазма-савдоси ташкил этилди.

Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган моҳир ва тажрибали уста-ҳунармандлар, сайёҳлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган кўргазмада 18 та ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо-дўконлари фаолият бошлади.

Ушбу савдо-дўконларида ҳунармандлик маҳсулотларининг 20 га яқин турлари, жумладан, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, заргарлик, кулолчилик, миллий либослар тайёрлаш, миниатюра, ранг тасвир, наққошлик, бўёқли нақшлар, кандакорлик ҳамда мисгарлик каби буюмлар ўрин олган.

[gallery-5295]

Кўргазмада иштирок этганлар ўттиздан ортиқ энг моҳир ҳунармандларнинг ноёб асарларини томоша қилиш билан биргаликда, ўзларига ёққан буюмларни харид қилишди. Бу асарлар табиий маҳсулотлардан қўлда тайёрланган бўлиб, уларда ҳунарманднинг қалб қўри, кўз нури ҳамда халқимизнинг орзу-истаклари ва минг йиллик анъаналарини ўзида мужассам этган.

Шунингдек, кўргазма давомида иштирокчилар ҳунармандлар томонидан маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Маълумки, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар, меҳмонлар ҳар бир зиёрат қилган жойларидан эсдалик, ёдгорлик совғаларини харид қиладилар. Маҳаллий ҳунармандларимиз қўли билан ясалган, Ватан ифорини таратиб, юртимиз гўзаллигини, бетакрорлигини акс эттирадиган ёдгорликни туҳфа этиш - бир томондан туризмни ривожлантиришга омил бўлса, иккинчи томондан маҳаллий ҳунармандларимизни янада қўллаб-қувватлашга хисса қўшади.

Кўргазма-савдо 10 январгача давом этади.  

 

Гулноза Бобоева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА