Янги йил байрами муносабати билан пойтахт бозорларида озиқ-овқат ярмаркалари очилади
Янги йилга саноқли кунлар қолди. Бу вақтда барчамиз байрам дастурхони учун ноз-неъматларни қаердан арзонроқ харид қилсам экан, деб ўйланишимиз табиий.
Янги йилга саноқли кунлар қолди. Бу вақтда барчамиз байрам дастурхони учун ноз-неъматларни қаердан арзонроқ харид қилсам экан, деб ўйланишимиз табиий. Чунки Янги йил арафасида истеъмол бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиши туфайли “олибсотарлар” томонидан нархларни сунъий ошириб юбориши ҳолатлари учраб туради. Яна бир хавотиримиз ишлаб чиқариш манбаси номаълум бўлган, инсон соғлигига хавф туғдирувчи сифатсиз, контрафакт ва контрабанда маҳсулотларнинг бозор расталаридан жой олиши билан боғлиқ.
Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, Янги йил арафасида пойтахтимиздаги истеъмол бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлар нархининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 15 декабрдан Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси тизимидаги корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомаси ижросини таъминлаш доирасида Қўйлиқ (Бектемир тумани), Сирғали (Сирғали тумани), Авиасозлар (Яшнобод тумани), Қора-Қамиш (Олмазор тумани), Наврўз (Мирзо Улуғбек тумани), Юнусобод (Юнусобод тумани), Бешёғоч бозори Қозработ филиали (Чилонзор тумани), Аския (Яккасарой тумани), Фарход (Учтепа тумани), Эски жўва (Шайхонтохур тумани), Миробод ( Миробод тумани), Олой (Юнусобод тумани) бозорларида очилиши режалаштирилаётган ушбу ярмаркаларда харидорларга сифатли ва истеъмол учун хавфсиз бўлган гўшт, сут, қандолат маҳсулотлари, мева-сабзавот консервалари, салқин ичимликлар барқарор нархда тақдим этилади.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси таркибига мева-сабзавот консервалари, гўшт-сут, қандолат, тамаки маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, алькоголсиз пиво ва салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи 400 дан зиёд маҳаллий, шунингдек, “Nestle”, “Coca Cola”, “Carlsberg” каби хорижий компанияларнинг мамлакатимиздаги корхоналари ҳам киради.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси
Ахборот хизмати