Бугун ХХI асрнинг яна бир йили поёнига етиб, янги йил кириб келмоқда. Йилнинг сўнгги куни бўлган 31 декабрь санаси барча учун қувончли ва қайсидир маънода бироз қайғули кун ҳам.
Умримизнинг яна бир йили якунланаётганлиги, гўёки вақт “югуриб” ўтиб кетаётгани киши дилни бироз хира қилади. Аммо бу кун – Янги йил байрами кўпчилик учун, айниқса, болажонлар учун унутилмас кун, ажойиб шодиёна ҳисобланади. Бу байрам билан боғлиқ жуда кўп эртак, афсона ва ривоятлар мавжуд. Қуйида мазкур шодиёна билан боғлиқ қизиқарли фактлар билан танишишингиз мумкин.
Маълумотларга кўра, тахминан XVII аср охирига қадар бутун дунёда Янги йил байрами март ойининг бошида, баҳорги экин-текинлар мавсуми билан бир вақтда нишонланган. Милоддан аввалги 46 йилда Юлий Цезарнинг янги йилни 1 январдан бошлаш ҳақидаги қарори ҳақида маълумотлар ҳам бор, лекин ўша вақтда бу кенг тарқалган удумга айланмаган.
Россияда Янги йилни кенг нишонлаш одати Пётр I даврида пайдо бўлган. Бир неча йил Европада яшаб, уларнинг турмуш тарзини ўрганган рус императори 1699 йилнинг 29, 30 декабрида 2 та фармон чиқаради.
Янги йил учун совғалар бериш одати қадимги Римда пайдо бўлган. Айтганча, янги йилни қандай кутиб олсанг, уни шундай ўтказасан, деган иборалар ҳам шу диёрда шаклланган.
Ўрта асрларда Европада Рождество дарахти кўпинча шифтга ёпиштирилган ва тескари бўлган. Гиннеснинг рекордлар китобига кўра, энг катта арча 2009 йилда Мехикода ўрнатилган. Сунъий янги йил арчаси баландлиги 110 метр 35 сантиметр, унинг айланаси эса 35 метрга етди.
Янги йил байрами турли давлатларда ўзига хос тарзда нишонланади. Хусусан, Англияда Янги йил совғасиз ва оила даврасида нишонланмайди. Бу байрам тантанасининг анъанавий таоми йўқ. Одатга кўра, инглиз уй бекалари олмали пирог тайёрлашади. Шотландияда Янги йилнинг кутиб олиниши Рождествога қараганда муҳим аҳамиятга эга. Шотландча Янги йил – бу биринчи ўринда уй йиғиштиришдир. Ҳеч бир иш тугалланмасдан қолмаслиги керак, соатлар юргазилади, пайпоқлар ямалади, ҳамма тешиклар тикилади. Соатнинг биринчи бонги билан уй каттаси эшикни ланг очади ва охирги бонгигача ушлаб туради, шу тариқа у эски йилни чиқариб, Янги йилни киргазади. Шунингдек, Шотландияда Янги йил киргандан кейин уйга кирган биринчи киши шу оиланинг молиявий аҳволига таъсир этади, деб ҳисоблашади.
Буюк Британияда “Янги йилни киритиш” маросими кенг тарқалган. Бу ерда Янги йилни киритиш маросими қуйидагича бўлади, соат 12да бонг уришни бошлаганда орқа эшикни Эски йил чиқиб кетиши учун очадилар ва охирги бонгида асосий эшик очилиб, Янги йил киритилади. Англияликлар учун Янги йилнинг биринчи куни яқин ўтмиш ва сирли келажак ўртасидаги чегарадир.
Янги йил Испанияда – мамлакатнинг давлат байрамларидан бири сифатида нишонланади. Испанияда байрам муносабати билан ўзгача янги йил маросимлари пайдо бўлган. Янги йил байрами оммавий тарзда нишонланади. Байрам тунида халқ мамлакатнинг катта ва кичик шаҳарларидаги бош майдонларда тўпланишади, улар қадимий соат ва қўнғироқларнинг бонг уришини кутадилар. Бу маросим миллий ва маҳаллий телеканаллар орқали намойиш этилади. Испан янги йил маросимларидан энг қизиқарлиси - 12 дона узум истеъмол қилиш маросимидир. Янги йил кириб келиши арафасида соатнинг ҳар бир бонг уришида одамлар бир донадан узум истеъмол қилишган ва янги йил тилакларини ўз кўнгилларида ўйлашган. Бу удум биринчи марта 1897 йилнинг декабрида ўйлаб топилган.
Яна бир қизиқ маълумот, 1 январдан Япония учун энг муҳим бўлган байрамлар мавсуми бошланади. Японияликлар бу даврни “сё: гацу ёки о-сё: гацу” деб аташади. У 1-3гача, 1-7гача ёки 1-20 январгача давом этиши мумкин. Тарихда “сё: гацу” январь номини англатган. 1январь- “гандзицу” миллий байрам кунидир. Байрам куни давомида ибодатхоналарига покланиш маросимида иштирок этиш учун қатновчилар келади. Улар янги йилда ўзлари ва яқинларига тинчлик, эсон-омонлик тилаб ибодат қиладилар. Кўпчилик аҳоли ибодатхонадан ташқари бирор-бир манзарали жойга бориб, янги йилнинг биринчи тонг отишини томоша қиладилар. Шу куни Япония почтаси орқали кўплаб табрик откриткалари юборилади, энг кўп табрикларни япон оилалари дўстлари ва яқин одамларига юборишади. Бу маросим 1874 йилдан, почтанинг иш бошлаши пайтидан бошланган. Байрамга анъанавий безаклар тайёрланади, у “кадомацу”ни ўз ичига олади. Уй ичида 3та новда: бамбук новдаси (болаларнинг тез ўсиши учун), олхўри (уй эгаларининг ёрдамчилари мустаҳкам бўлишлари учун), қарағай (оила аъзоларининг ҳаммаси узоқ умр кўриши учун). Оилалар махсус янги йил таомини - осэти рёрини тановул қиладилар, бу таом янги йил кунларида таом тайёрлашдан халос бўлиш учун декабрь ойининг охирги кунларида тайёрланади.
1 январь-Америка Қўшма Штатларида расмий равишда Янги йилни (New Year) нишонлашади, бироқ 31 декабрдан халқ сайллари бошланади. Кўпдан кутилган бу байрамга эса Америка аҳолиси ноябрь ойининг охиридан тайёргарлик қила бошлайди. Америкаликлар одатда Янги йилни ресторанда дўстлар даврасида, тунги клубларда, театрларда ва камдан-кам оилада нишонлайдилар. Янги йил кирганини ярим тунда осмондаги ҳайратомуз мушакбозликлар, автомобиль сиреналари овозидан билиш мумкин. Америкада яшовчиларнинг ҳаммаси бир-бирларини қучоқлаб, бахт ва омад тилаб табриклайди. Американинг кўпчилик шаҳарларида Янги йил арафасида байрам намойишлари ўтказилади. Футбол матчлари, турли манзарали тадбирлар бўлиб ўтади. Америкаликларнинг якдиллик фикрига кўра, энг кўп сонли ва қизиқ Янги йил намойиши Нью-Йоркдаги Тайм-скверда бўлиб ўтади. Айнан шу ерда машҳур Шарнинг тантанали учириши бўлади ва у минглаб неон лампочкалари билан ярқирайди. Машҳур фестиваллар: пантомимо паради ва атир гуллар мусобақаси Янги йил байрами билан боғлиқ. Бу фестивалларнинг урф-одати ўтган асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Америкаликлар учун Янги йил-янги ҳаётнинг бошланишидир. Америкаликлар байрамда ўз олдиларига турли муҳим мақсадларни қўяди. Масалан, спорт билан шуғулланиш, парҳез қилиш,чекишни ташлаш каби.
Австралияда янги йил байрами ёзда нишонланади. Миллионлаб австралияликлар дунёда биринчи бўлиб, Янги йил кириб келишини нишонлайдилар. Таниқли мусиқачилар ва ажойиб мушакбозлик шоулари ташкил этилади. Австралияда янги йил айниқса пойтахт штатларида қизғин нишонланади. Барча байрам тадбирлари очиқ осмон остида ўтказилади. Сиднейда ярим тундан дунё бўйича энг катта мушакбозлик бошланади. Уни томоша қилишга миллионлаб одамлар тўпланишади. Мельбрунда рақс кечалари ўтказилиб, 500 мингга яқин саёҳатчилар йиғиладилар. Брисбенда жонли мусиқа концертлари бўлади. Мамлакатнинг кичик штатларида Янги йил арафасида машҳур мусиқали фестиваль ўтади, унда бутун Австралия ёшлари тўпланади.
Янги йил байрамини немислар уйда нишонламайдилар. Улар танишлари, ҳамкасблари ва дўстлари билан учрашиб, яхши тилакларни бир-бирига билдиришади. Бу куни ҳеч ким ўзини ёлғиз ҳис қилмайди, чунки соат биринчи бонг уриши билан одамлар кўчага чиқишади ва Янги йил муносабати билан салют бошланади. Энг катта байрам Берлинда бўлиб ўтади, кўчадаги янги йил байрами 2 км масофага етади, бир соат давомида тунгги осмонда ранг-баранг шоу давом этади. Байрамнинг бош атрибути- арча. Қадимги олмонликлар арчани муқаддас дарахт деб ҳисоблаганлар.
Мамлактимизда ҳам Янги йил байрами 1 январь куни расман байрам сифатида нишонланиб, дам олиш куни этиб белгиланган. Кўплаб ўзбек хонадонларида бу байрам оила аъзолар, яқинлар даврасида тўкин дастурхон атрофида нишонланади. Ҳамма бир бирига эзгу тилаклар билдириб, совғалар улашади. Бошланаётган 2023 йил барчамизга муборак, хайрли ва баракали йил бўлсин!
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова тайёрлади.