Сурхондарё вилоятида Янги йил арчалари атрофида қизиқарли концерт дастурлари ва бошқа кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Жорий йил вилоятда Янги йил тадбирлари ўтган йилларга нисбатан эрта бошланди. Воҳа маркази ва туманларда байрам арчалари ўрнатилиб, чиройли безатилди. Кўнгилочар тадбирларни юксак савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бу йил воҳанинг асосий байрам тадбири илк марта Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида ўтказилмоқда. Вилоятнинг асосий байрам арчаси осмонўпар кўп қаватли замонавий тураржой бинолари ва бошқа инфратузилма иншоотлари қад ростлаётган массивдаги янги амфитеатр майдонига ўрнатилган.
Эртакнома безатилган майдонда Янги йил шодиёналарининг бошланиши олдидан вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа масъул тузилмалар раҳбарлари билан байрам тадбирларини жамоат тартибини таъминлаган ҳолда хавфсиз, осойишта ўтказиш масалаларини муҳокама қилди. Йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, аҳолига байрам кайфиятини улашиш учун вилоятнинг асосий ҳамда ҳудудий майдонларида қизиқарли концерт дастурлари ва бошқа кўнгилочар тадбирларни юқори даражада ташкил этиш вазифаси топширилди. Ҳудудларда Янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаларида сифатли хизматлар кўрсатиш, байрам дастурхони ва аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларнинг барқарор нархларда сотилишини таъминлаш белгилаб берилди. Шунингдек, ҳудудий студиялар орқали арчалар ўрнатилган майдонлардан қатнашган туманлар ва Термиз шаҳри мутасаддиларига ҳам байрам тадбирларини кўнгилдагидек ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
[gallery-26835]
Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида ўтказилаётган вилоятнинг асосий байрам тадбирида пойтахтимиздан келган ҳамда вилоят санъаткорларининг қизиқарли дастурлари намойиш этилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА