Янги йил арафасида қорақалпоғистонлик ёшлар ҳаётида унутилмас воқеалар юз берди.
Жумладан Шуманай тумани марказида “Ёшлар маркази” биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимига туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати Шуманай тумани бўлими, туман ички ишлар бўлими, мудофаа ишлари бўлимининг раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.

“Ёшлар маркази”нинг янги биносини реконструкция қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети ҳисобидан 853,4 миллион сўм, жиҳозлаш учун Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан 361 миллион сўм маблағ ажратилди.
Марказнинг биринчи қаватида “New Action” ўқув маркази, иккинчи қаватида Ёшлар кутубхонаси, конференция зали, туман Ёшлар ишлари бўлими жойлашган. “New Action” ўқув марказида IT, робототехника, ментал арифметика, инглиз ва рус тилларига ёшларни кенг қамраб олиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида, мамлакатимизда эҳтиёжманд ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қарор асосида Янги йил байрами арафасида мўйноқлик Сартай Даркенов, бўзатовлик Малика Авезбаева ва кегайлилик Бахтигул Матжановаларга туман марказларида жойлашган кўп қаватли уйлардан барча қулайликларга эга 2 хонали хонадонларнинг калитлари топширилди.

Тадбирда иштирокчилар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, ёшлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканлиги, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга эркин ҳаёт учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек Янги йил байрами арафасида Хўжайли туманидаги Спорт мактабига қарашли янги қуриб битказилган бокс залининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу бинонинг қурилишида аҳоли фаол иштирок этиб, “Очиқ бюджет” ахборот порталида "Ташаббусли бюджет" жараёнида 477 та овоз тўплади ва ғолиб деб топилди. Натижада “Бахт Қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 450 миллион сўм маблағ ҳисобидан барча қулайликларга эга бўлган янги спорт базаси қурилди. Сўзга чиққанлар бундай имкониятлар учун Президентимизга чексиз миннатдорчилигини билдириб, спортчи болаларимизнинг келажакда катта натижаларга эришишига ишонч билдиришди.
Янги йил байрами арафасида Оролбўйидаги бир нечта таълим муассасалари биноларининг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Тўрткўл тумани “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 42-сонли мактабнинг ҳам очилиши мактаб ўқувчилари учун унутилмас воқеа бўлди десак муболаға бўлмайди. Ушбу мактабда 330 ўринли қўшимча янги ўқув биноси мавжуд бўлиб, барча жиҳозлар билан таъминланган.
Янги ўқув биносини қуриш учун 4,337 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари “МА Тўрткўл строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан юқори сифатда якунига етказилди. Энди мактаб ўқувчилари янада замонавий ва қулай шароитларда таълим олишади.
Шунингдек, тумандаги “Уллибоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги, кўркам 74-сонли мактаб ўз ишини бошлади. Ушбу мактаб 330 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси ва замонавий спорт залига эга. Бино қурилишига 11 миллиард 681,2 миллион сўм маблағ ажратилиб, бу иш “Хиванефтгаз қурилиш таъмирлаш” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири