Самарқанд вилоятининг Пайариқ ва Жомбой туманларида янги маҳалла марказлари фойдаланишга топширилди.
Пайариқ туманидаги Кўпаки маҳалласи шу пайтгача мослаштирилган бинода фаолият кўрсатар эди. Маҳалла аҳлининг ташаббуси ва туман ҳокимлигининг кўмаги асосида фуқаролар йиғини учун ҳашар йўли билан кўркам бино барпо этилиб, еттилик аъзоларининг самарали ишлаши учун шароит яратилди.

Дўстлик маҳалласи маркази биноси ҳам аҳолининг ҳамжиҳатлиги натижаси сифатида ҳашар асосида қурилди. Биноларни жиҳозлаш, маҳалла еттилиги ва аҳоли учун қулай шароит яратишга маҳаллалар уюшмаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.
Янги биноларнинг очилишида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси ва туман ҳокимлиги раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жомбой тумани Нўш маҳалласи аҳолиси ҳам жорий йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида иштирок этиб, 1 миллиард 500 миллион сўм маблағни қўлга киритган эди. Ушбу маблағ ҳисобидан ҳудудда нуронийлар чойхонаси, ёшлар гузарини ўз ичига олган маҳалла маркази бунёд этилди.

Марказнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда ушбу эзгу ташаббусни амалга оширишда фаол иштирок этган аҳоли вакиллари ва қурувчиларга миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборовнинг маълум қилишича, ҳозир яна ўндан ортиқ маҳалла учун янги бинолар қуриш ишлари давом этмоқда ва бу бинолар ҳам яқин орада фойдаланишга топширилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири