Нарх-наво барқарорлигини таъминлаш прокуратура органларининг доимий назоратида.
Янги йил байрамининг яхши кайфиятда ўтиши бозорлар тўкинлиги, нарх-навонинг мўътадиллигига ҳам боғлиқ. Шунинг учун Президентимиз томонидан бозорларни зарурий маҳсулотлар билан тўлдириш бўйича топшириқ берилган.
Топшириқ ижросини таъминлаш бўйича савдо расталари маҳсулотлар билан тўлдирилиб, деҳқон бозорлари ва йирик савдо объектларида ярмаркалар ташкил этилди. Муҳими, уларга маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда етказиб берилмоқда.
Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар аҳволи Бош прокурор томонидан жойларга чиққан ҳолда тизимли равишда ўрганилмоқда.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи Дилшод Раҳимов бугун Тошкент шаҳрининг “Миробод”, “Аския”, “Чилонзор”, “Фарҳод” ва “Эски жўва” деҳқон бозорларида бўлиб, мавжуд аҳвол билан яқиндан танишди.
Қайд этилган бозорларда, бошқа барча ҳудудлардаги каби Янги йил байрами муносабати билан арзонлаштирилган байрам ярмаркалари ташкил этилган.
Жумладан, ўрганилган беш бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш учун жами 15 нафар прокуратура ва департамент органларининг ходимлари бириктирилган.
Ярмаркаларга Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Фарғона, Қашқадарё вилоятларининг фермер ва деҳқонлари ҳамда қарийб 100 нафар улгуржи савдо ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари бириктирилиб, уларга 350 раста ажратилган.
Ушбу деҳқон бозорларида ҳафта бошидан буён 2 минг 586 тонна 30 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда сотилди.
267 тонна гўшт,7 миллион 600 минг донадан ортиқ тухум, 722 тонна картошка, 160 тонна шакар, 136 тонна гуруч аҳолига ҳамёнбоп нархда етказиб берилиши таъминланди.
Бундан ташқари, балиқ, консерва, салқин ва спиртли ичимликлар, сут маҳсулотлари, мевалар, шу жумладан, цитруслар ҳамда турли ширинликлар савдоси ҳам йўлга қўйилган.
Ички истеъмол бозорида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминланиши ҳамда белгиланган вазифаларни тизимли равишда давом эттириш тўғрисида Бош прокурор томонидан масъулларга аниқ кўрсатма
ва топшириқлар берди.
Н.Абдураимова, ЎзА