Россия-Украина
Франция Киевга етказиб берилаётган ҳарбий ёрдамдан Россияга қарши фойдаланилишига қарши. Бу ҳақда “Bloomberg” Париждаги расмийларга таяниб хабар берди. Мамлакат ҳукумати Киевнинг ўз ҳудудини ҳимоя қилишга интилишини қўллайди.
“Франция Украинага сўзини ўтказадиган ҳолатда эмас”, деган манба.
Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто мазкур агентликка интервьюсида, жумладан, “Россияда содир бўлаётган воқеаларга баҳо бериш жуда мушкул” деди.
“Биз Украина фақат ўз ҳудудини ҳимоя қилиши учун қурол-аслаҳа етказиб беряпмиз”, деб қўшимча қилган вазир.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби “CNN” телеканали мухбирига “АҚШнинг режалаштириш масаласидаги маслаҳатлашуви асосида Украина ёзда қарши ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда”, дея баёнот берди.
МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси Россия ва Украина унинг Запорожье АЭСда хавфсизликни таъминлаш бўйича тамойилини қўллаб-қувватлади, деб ҳисоблайди. Унинг қуйидаги сўзларини “CNN” иқтибос сифатида келтирган: - Улар менинг БМТ Хавфсизлик кенгашига атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш бўйича киритилган беш банддан иборат таклифимга эътироз билдирмадилар.
НАТО мамлакатлари янги хавфсизлик архитектурасини шакллантириш учун Украинага ишончли хавфсизлик кафолати тайёрлаши керак. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон Братиславияда ўтган “Globsec” хавфсизлик бўйича халқаро конференциясида айтиб ўтган.
“Биз Украинага кўп қурол-аслаҳа етказиб беряпмиз, аммо буни хавфсизлик бўйича мулоқотга киритмаяпмиз”, деган у.
Етакчи “бу масалаларни Вильнюсда ўтадиган НАТО саммитида кўриб чиқиш зарурати бор”, дея қўшимча қилган. Шунингдек, Макрон Зеленскийга Парижда Украина атрофидаги зиддиятга бағишлаб саммит ўтказиш таклифини берди.
“The Wall Street Journal” нашри европалик дипломатларга таяниб хабар беришича, Украина етакчиси аввалроқ Макрондан халқаро муносабатларни йўлга қўйишда давлат етакчилари, хусусан, Хитой Раиси Си Цзиньпин билан алоқа ўрнатишда кўмак сўраган. Шундан кейин “тинчлик конференцияси ўтказиш ғояси” келиб чиққан.
Германиянинг “Quantum Systems” компанияси Украина Мудофаа вазирлиги буюртмасига биноан, 138 та “Vector” русумли дрон-разведкачи тайёрлаб беради. Қурилманинг узунлиги вертикал парвозда 1,63 метр, қанотлари билан бирга 2,80 метрга етади. “Vector” 120-180 дақиқагача парвоз қила олади.
Украина атрофидаги можаро туфайли расмий Берлин Россиянинг Германиядаги бешта Бош консулхонасидан тўрттасини ёпиши зарурати юзасидан баёнот билан чиқди. Бу Россияда фаолият кўрсатаётган Германия муассасалари ходимлари сонини 350 нафаргача қисқартириш талабидан кейин келиб чиққан, деб маълум қилди Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Кристофер Бургер. Германия Екатеринбург, Калининград ва Новосибирскдаги Бош консулхоналарни ёпиш тўғрисида қарор чиқарган.
Аброр ХОН,
ЎзА