Сирдарё вилояти Боёвут туманида яна бир янги мактабгача таълим муассасаси биноси фойдаланишга топширилди. Туманнинг Алишер Навоий маҳалласида жойлашган 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси замонавий талаблар асосида янгидан қурилиб, болажонлар учун ўз эшикларини очди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Қурилиш ишлари натижасида умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўм бўлган, 120 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга янги ва замонавий бино барпо этилди.

Янги бинода болалар учун кенг ва ёруғ ўқув хоналари, замонавий таълим ва ўйин жиҳозлари, шунингдек барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд бўлиб, болажонларнинг ҳар томонлама ривожланиши, уларга сифатли таълим-тарбия бериш ҳамда соғлом муҳитда тарбия топишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган.
Янги мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси ишга туширилиши натижасида таълим қамрови янада кенгайди. Шу билан бирга, муассасада 35 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилган юксак эътибор ва ғамхўрликни алоҳида таъкидлаб, мазкур муассаса фарзандларимизнинг билимли, соғлом ва баркамол авлод бўлиб камол топишига хизмат қилишини қайд этдилар. Шунингдек, яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири