Фарғона вилоятида бу йил чилги ҳосил баракали бўлди. Бунда янги усулларнинг қўлланилгани ўз самарасини бермоқда. Ёзёвон тумани пиллакорлари ҳам жорий йил пилла етиштириш бўйича шартномавий режани вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди.
“Ёзёвон агропилла” масъулияти чекланган жамияти билан пилла етиштириш бўйича шартнома тузиб, янги услубда иш ташкил қилган 226 та фермер хўжаликлари ва 600 нафардан зиёд касаначилар томонидан шартномада белгиланган 118 тонна ўрнига 119,7 тонна “кумуш тола” топширилди. Туманда бу йилги мавсумда 2 минг 34 қути ипак қурти асосан инновацион усулда, яъни плёнка остида парваришланди. Пилла етиштиришнинг плёнка усули ўзига хос афзалликларга эга. Бунда намлик яхши сақлангани сабаб барг озуқаси исроф бўлмайди. Энг асосийси, анъанавий усулга нисбатан пилла тез етилади.


Инновацион усул ўз натижасини кўрсатди. Чиллаки ҳосил терими вилоятда биринчи бошланди. Етиштирилган пилла салмоқли, баракали бўлди. Пиллакорларга топширилган пилла учун тарозининг устида килограммига 32 минг сўмдан тўланиши катта рағбат бўлди.
М.Сулаймонов,
ЎзА