Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги университетда “Механика парки” очилди
22:16 / 2025-02-20

Республикамизда янги ташкил этилган Наманган давлат техника университетида Ислом тараққиёти банки томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобига барпо қилинган “Механика парки” тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирок этди. Унда Наманган давлат техника университетининг ташкил этилиши юртимизда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш орқали ривожланишнинг янги босқичига йўл очилгани алоҳида таъкидланди. 

Дарҳақиқат, янги университетнинг асосий вазифаларидан бири сифатида ҳудуднинг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш белгилаб қўйилгани унинг стратегик аҳамиятини янада оширади. Мазкур лойиҳа доирасида замонавий технологиялар билан таъминланиб, муҳандислик йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун реал ишлаб чиқариш шароитида ишлаш имконияти яратилди.

Эътиборлиси, умумий қиймати 1,02 миллион долларни ташкил этувчи “Механика парки” ёш мутахассислар учун назарияни амалиёт билан мустаҳкамлаш асносида янги технологияларни ишлаб чиқариш ҳамда жорий этишга хизмат қилади. Сўнгги лаборатория ускуналари билан жиҳозланган парк муҳандислик йўналишларида рақобатбардош кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда сўз олган фахрий профессор-ўқитувчилар “Механика парки” нафақат университет ривожига, балки республиканинг саноат марказига айланган Наманган вилоятининг бу борадаги салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.

Шу жойнинг ўзида вазир вилоятдаги олий таълим муассасалари талаба-магистрлари ва тадқиқотчиларининг илмий ишланмалари тақдимоти билан танишиб, уларни амалиётга жорий этишда яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини қайд этди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА