Давлатимиз раҳбари топшириғи билан жорий йилнинг 1 мартидан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбирларининг бошланиши эълон қилинди.
Шунга кўра, биргина «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан баҳор мавсумида республикамиз бўйлаб 78 миллион тупдан ортиқ тут кўчатларини экиш кўзда тутилган. Йил якунига қадар эскирган 4 минг гектардан ортиқ тутзорлар реконструкция қилиниши режалаштирилган.

Айни кунларда уюшма марказий аппарати, ҳудудий тизим ташкилотлари, кластерлар, агроном ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда республикамиз бўйлаб тут экиш семинарлари ташкил этиб келинмоқда.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирда Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Қодиробод ҳудудида тут экиш семинарлари давомида 40 минг дона тут кўчати экилди.

Экиш жараёнлари Тўрақўрғон тумани “Zilol silk” масъулияти чекланган жамиятида ҳам давом этди.
"Zilol silk" МЧЖнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 24 тонна ипак, 9 тоннадан ортиқ ипак момиғи ва 50 дона ипак гиламни ташкил этади. Бу ерда доимий 631 нафар, мавсумий 7 минг 410 нафар аҳоли иш билан таъминланган. Корхона томонидан 2022 йилда жами 987,8 минг АҚШ долларлик ипак маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.

Семинар давомида корхона ишчиларига жорий йилда пилла етиштиришнинг муҳим жиҳатлари, давлатимиз томонидан 1 кг. пилла учун 5 минг сўм миқдоридаги субсидия бериш тартиблари ва имтиёзлар, пилла етиштириш агротехникаси бўйича кенг кўламли тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тутчилик соҳасидаги етук олимлар, жумладан, Ипакчилик илмий тадқиқот институти ўқитувчилари ҳамда Наманган вилояти Олий ўқув юртлари илмий ходимлари томонидан ҳам соҳа вакилларига пилла етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тавсиялар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА