Президент ташрифидан сўнг
Янги йил байрами арафасида Наманган вилоятининг Норин туманида “Fishville Norin” гастрономик туризм маркази фаолият бошлади.
“Fishville Norin” масъулияти чекланган жамият раҳбари Азиз Даминов ташаббуси билан форель балиқ етиштириш ва аҳолига етказиб бериш фаолияти йўлга қўйилди.
Қайд этиш жоиз, Президентимизнинг шу йилнинг сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида мазкур объект фаолияти билан яқиндан танишиб, қишлоқ хўжалигида муҳим тармоқ бўлган балиқчиликни ўзига хос тажриба сифатида оммалаштириш борасида зарур топшириқлар берганди.
Лойиҳага ташаббускор томонидан умумий қиймати 15 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб этилган. Корхонада йилига 2 минг тонна балиқ маҳсулоти етиштирилиб, 10 миллион доллар экспорт захиралари яратилди. Ўзига хос туризм маскани сифатида қурилган оилавий ресторан ҳам битказилиб, лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Бу жойда бир вақтнинг ўзида 100 нафар меҳмонга хизмат кўрсатилади. Энг асосийси, умумий ҳисобда 100 та янги иш ўринлари яратилди.
[gallery-26833]
Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов балиқчилик драйверга айланган Норин тумани учун ушбу лойиҳа катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Рамзий лента қирқилиб, гастрономик туризмга ихтисослашган янги мажмуадаги шароитлар билан танишилди. Байрам дастурхонида жам бўлган нуронийлар дуога қўл очиб, фаолиятга оқ фотиҳа берди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.