Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яна бир хусусий замонавий тиббий клиника фойдаланишга топширилди.
Кўплаб қулайликларга эга бўлган 2 қаватли янги марказнинг фойдаланишга топширилиши туманда травматология ва ортопедия соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек клиникада физиотерапия йўналишида ҳам малакали мутахассислар замонавий диагностика ва даволаш аппаратлари кўмагида аҳолининг соғлиғини ҳимоялашни мақсад қилган.
– Тиббий муассасамизнинг лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўмга тенг, – дейди лойиҳа ташаббускори, шифокор травматолог-ортопед Муҳсинжон Мамажонов. – Асосий мақсадларимиздан бири ушбу йўналишлар бўйича оғриган беморларимиз, туманимиз аҳолисини оғирини енгил, узоғини яқин қилиш. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, яна янги тиббий ускуналар келтириб қўшимча ихтисослашган тиббий хизматларни жорий этиш, хусусан шу ернинг ўзида эндоскопик жарроҳликни амалга оширишни режалаштирганмиз.
Қайд этилишича, тиббий муассасанинг ишга тушиши натижасида 16 та янги иш ўрни яратилган бўлса, тез орада бинода яна қўшимча бўлимлар, фитнес ҳамда гимнастика залларини йўлга қўйилиши билан ушбу масканда бандлиги таъминланганларнинг сони 30 тадан ошади.
Янги тиббиёт марказининг очилиш маросимида туман ҳокими Шерзоджон Йўлдошев нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Меҳмонлар бу ердаги тиббий хизматлар сифати ҳамда яратилган шароитлар билан танишди.
М. Сулаймонов, ЎзА