Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Тошкентга вазирликлар ва давлат идораларининг бир қисми кўчирилади (+видео)
18:36 / 2023-04-12

Сўнги йилларда пойтахтимизда жуда кўп қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳеч кимга сир эмас. Охирги 6 йилда Тошкентда янги-янги уй-жойлар, замонавий корхона ва иншоотлар барпо этилди. Хусусан, 30 минг ўринли мактаблар, 20 минг ўринли боғчалар, 2 минг ўринли тиббиёт муассасалари, 200 гектар майдонда парклар, 10 дан зиёд йирик спорт мажмуалари қурилган.

Қолаверса, шаҳарда жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 14 та метро бекати ишга туширилди. Бунинг натижасида кунлик йўловчи қатнови 1 миллиондан ошди. Йил якунигача яна 5 та бекат фойдаланишга топширилади.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда Тошкентда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилади. Шу боис шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд хонадонли кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга эҳтиёж мавжуд. Ана шуларни инобатга олган ҳолда Буюк Британия, Сингапур ва туркиялик мутахассислар билан бирга, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, қурилишларни шаҳар ташқарисида амалга ошириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, Тошкентнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш масалалари кўзда тутилган.  

"Toshkentboshplan LITI" лойиҳа-изланиш институти 1 даражали архитектори Умид Файзиев бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди.  

– Янги Тошкент лойиҳасида пойтахт ҳудудини кенгайтириш кўзда тутилган бўлиб,  Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудуди босқичма-босқич кенгайтирилади, дейди – У.Файзиев. – Яъни Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкентни қуриш мўлжалланмоқда. Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади. Давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади. 

Яна бир муҳим томони шундаки, бу лойиҳани амалга оширишда замонавий урбанизация ёндашувлари асосида «ақлли» технологиялар қўлланилади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. «Яшил ва хавфсиз шаҳар» тамойили асосида пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади.  

Шу мақсадда автомобил учун ер ости тураргоҳлари қурилади. Автомобил қатнови учун замонавий туннеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида кўприклар бунёд этилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.  

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 18 март куни давлатимиз раҳбари Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйганди. Унинг биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, давлат идоралари учун маъмурий бинолар, боғлар, ижтимоий ва иқтисодий объектлар барпо этилиши режалаштирилган. Буларни лойиҳалаштириш ва барча ишларни мувофиқлаштириш учун дирекция тузилди. Хорижий мегаполислардаги урбанизация ва қурилиш тажрибаси ўрганилди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mN-Dq52mvic" title="Янги Тошкентга вазирликлар ва давлат идораларининг бир қисми кўчирилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Бунёдкорлик лойиҳасини амалга ошириш аввало инфратузилма яратишдан бошланади. Таъкидланишича, бунда замонавий урбанизация ёндашувлари, «ақлли» технологиялар қўлланилади. Масалан, «уч генерация» станцияси қурилиб, ҳам электр ишлаб чиқарилади, ҳам бинолар қишда иситилиб, ёзда совитилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.  

Босқичма-босқич кўчирилган давлат идоралари вазирликларининг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади.  

Бир сўз билан айтганда Янги Тошкент чинакам экологик шаҳарга айлантирилади. «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси ҳам айнан шу ердан бошланади. Янги Тошкент лойиҳасининг биринчи босқичида 6 минг гектарда бунёдкорлик ишларини бажариш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, истиқболли қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА