Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Тошкент – халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан кузатилаётган стратегик ташаббус
12:28 / 2025-07-04

Янги Тошкент нафақат йирик урбанистик лойиҳа, балки халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан кузатилаётган стратегик ташаббусдир. Янги Тошкент нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун шаҳарсозлик бўйича инновацион лабораторияга айланмоқда. Лойиҳа орқали яшил ва барқарор ривожланишга йўналтирилган шаҳар модели яратилмоқда. Халқаро ҳамкорлик ва инвестициялар фаоллашмоқда. Замонавий инфратузилма, рақамли бошқарув ва экологик ёндашувлар уйғунлашмоқда.

АОКАда ўтказилган брифингда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматова лойиҳанинг халқаро майдондаги юксалиши, нуфузли тадбирлардаги иштирок, хорижий ҳамкорлик алоқалари ва инвестициявий муваффақиятлар  ҳақида батафсил маълумот тақдим этди:  

– 2025 йилда ушбу лойиҳа Франциядаги MIPIM халқаро кўргазмасида, Тошкентда ўтказилган Инвестиция форуми ва “ECO EXPO-2025”да ўзининг инновацион макети ва павильони билан иштирок этди. Бу орқали халқаро ПР, инвесторлар билан мулоқот ва барқарор ривожланиш бўйича муҳим ютуқларга эришилди.  

Жорий йилнинг 12-15 март кунлари Францияда бўлиб ўтган дунёдаги энг йирик профессионал кўчмас мулк кўргазмаси – “MIPIM-2025” доирасида Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди. Бу стенд доирасида Янги Тошкент лойиҳасининг бош режаси тақдим қилинди. Лойиҳа “Cross Works” компанияси билан ҳамкорликда тайёрланган мастер-план асосида дунё инвесторларига таништирилди.  

12 июнь куни бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Янги Тошкент шаҳри стенди ва шаҳар макети кенг жамоатчиликка намойиш этилди.  

Шунингдек, унинг имкониятлари ҳақида панель сессия ўтказилди. “Шаҳарсозлик ва қурилиш: Барқарор ва қулай ўсиш учун инфратузилмани модернизация қилиш” мавзусидаги сессияда замонавий инфратузилма, яшил ечимлар ва инвестицион истиқболлар ҳақида фикр алмашилди.  

Тошкент халқаро инвестиция форумида тақдим этилган Янги Тошкент шаҳри макети орқали 4 минг гектарга яқин ҳудудни қамраб олган лойиҳа ҳажми намойиш этилди. Июнь ойида “ECO EXPO-2025” халқаро кўргазмасида Янги Тошкент лойиҳаси ўз макети билан қатнашди. Кўргазма доирасида “Янги Тошкент: Янги яшил шаҳарнинг муаммолари ва имкониятлари” мавзусида сессия ўтказилди. Экологик барқарорлик, яшил қурилиш стандартлари, халқаро тажриба асосида шаҳарсозлик ёндашувлари муҳокама қилинди. Лойиҳа “Green City”  концепциясида минтақавий экологик трансформация учун намуна сифатида эътироф этилди.  

Бундан ташқари, Янги Тошкентда қад ростлаётган Алишер Навоий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази лойиҳаси ҳам халқаро миқёсда мутахассисларнинг эътиборини тортди.  

Янги Тошкент дирекцияси томонидан лойиҳа доирасида хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш, инвесторларни жалб қилиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 10 дан ортиқ давлатларга хизмат сафарлари уюштирилди. Дирекция вакиллари хорижда ташкил этилган форумлар ва семинарларда қатнашди. 2024 йилда архитектор ва муҳандисларимиз Англия, Москва ва Хитой каби давлатларда малака ошириш курсларида иштирок этди. Урбанизация, мастер-план тузиш, яшил қурилиш йўналишларида илғор хорижий компаниялар билан бевосита амалий тажриба алмашилди. 

Моҳигул Қосимова, ЎзА