Жорий йилнинг 11 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда 55 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони қурилишининг тамал тошини қўйиш маросими ўтказилган эди. Унда бу улкан иншоот ёшлар учун илҳом, халқимиз учун ифтихор рамзларидан бири бўлиб, юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларига катта совға бўлиши таъкидланганди.
Хўш, Янги Тошкент марказий стадионини қуришда қайси компаниялар меҳнатидан фойдаланилади? Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон футбол ассоциациясида Туркиянинг етакчи қурилиш компаниялари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.

Мулоқот давомида Туркиянинг йирик қурилиш компаниялари — "KOC Construction” ва “Bahadir Kul Architects” вакиллари Ўзбекистонда барпо этилиши режалаштирилаётган Янги Тошкент марказий футбол стадиони бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этди.
Айтиш лозим, "KOC Construction” компанияси яқинда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 65 мингдан ортиқ ёшларнинг машғулот ўтказишига мўлжалланган замонавий Миллий футбол марказини бунёд этган ташкилот ҳисобланади. “Bahadir Kul Architects” компанияси эса Туркиядаги "Конья", "Фрайбург" каби стадионлар лойиҳаларининг муаллифи саналади.

Туркия компанияларининг лойиҳачилари Янги Тошкент марказий стадионининг тақдимоти жараёнида унинг архитектура ечимлари, конструктив имкониятлари, мухлислар, спортчилар ҳамда техник ходимлар учун яратиладиган замонавий инфратузилмаси ва хавфсизлик тизимлари, ички мажмуалар хусусида маълумот бериб ўтди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассис ва мутасаддилари лойиҳа бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Стадион қурилишида барча техник меъёрлар ва жараёнларнинг FIFA талабларига жавоб бериши зарурлигини таъкидлашди. Шунингдек, мухлислар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун энг замонавий шароитлар яратилиши лозимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида лойиҳани янада такомиллаштириш масаласи илгари сурилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА