Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” устави тасдиқланди.
Дирекция ўз ходимлари, консультант сифатида жалб этиладиган малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг сони, иш ҳақи ва малака талаблари, уларга юкланган вазифаларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишилган ҳолда белгилайди.
Хорижий мутахассисларга кириш визаларини расмийлаштириш, кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик рўйхатга қўйиш, бўлиш жойида ҳисобга олиш (муддатини узайтириш), Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш (муддатини узайтириш) харажатлари Дирекция маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қарорга кўра, Янги Тошкент шаҳри ҳудудида марказлашган ва марказлашмаган инвестициялар, тармоқ инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс дастурлар, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий соҳалардаги инфратузилмаларни ривожлантириш дастурлари ҳамда бошқа мақсадли дастурлар билан боғлиқ лойиҳалар, шунингдек, тадбиркорлик лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Дирекция билан тузилган инвестиция шартномалари асосида амалга оширилади.
Шартномаларда назарда тутилган инвестиция шартлари лойиҳа иштирокчилари томонидан бузилган тақдирда, Дирекция лойиҳани вақтинча тўхтатиш юзасидан зарур чоралар кўради.
Лойиҳа иштирокчилари томонидан ердан фойдаланиш талаблари бузилган тақдирда, мазкур ер участкалари Дирекцияга қайтарилади ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун сарфланган маблағлардан қатъи назар, фақатгина ернинг қиймати инвестиция шартномаси шартларига мувофиқ Дирекция томонидан қоплаб берилади.
Ташқи муҳандислик тармоқларига уланиш учун техник шартлар Дирекция томонидан мустақил белгиланади.
“Ақлли шаҳар” концепциясига асосланган замонавий маъмурий бошқарув тизими жорий этилади.
Дирекция томонидан муҳим ижтимоий, маданий ва маъмурий объектларда амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари Дирекциянинг банк ҳисобварақларида жамланадиган халқаро грантлар, техник кўмаклашиш маблағлари, ҳомийлик хайриялари, хорижий имтиёзли кредитлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Дирекциянинг жорий фаолиятини молиялаштириш, шу жумладан, унга тегишли бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, қуриш ва таъмирлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, мебель, алоқа воситалари, компьютер ва бошқа барча зарур инвентарлар билан таъминлаш Дирекция маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Янги Тошкент шаҳри барпо этиладиган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 19 720,9 га ер майдонлари ва ушбу ер майдонларининг чегараларидан 5 км масофада туташ ҳудудларида жойлашган объектларда Янги Тошкент шаҳри бош режаси тасдиқлангунга қадар мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш учун тегишли рухсатнома бериш ва лойиҳа ҳужжатларининг архитектура қисмини келишиш хулосасини бериш қатьиян тақиқланади.
ЎзА