“Янги Тошкент” ҳаёти янада фаровон бўлиб изга тушмоқда
“Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши Оқолтин туманидаги “Янги Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам катта зарар етказди.
“Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши Оқолтин туманидаги “Янги Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам катта зарар етказди.
Маҳалла аҳолиси маълум вақт ўз уйларидан олис манзилларда яшашга мажбур бўлди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмасига асосан Оқолтин туманидаги Янги Тошкент маҳалласида 130 та бетон-панелли уй-жойда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилиб, 200 дан зиёд оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Маҳалланинг ҳар бир кўчасига Тошкент шаҳрининг туманлари номи берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 октябрь куни тумандаги “Янги Тошкент” маҳалласига келиб, аҳоли билан суҳбатлашди.
Бу ерда маҳалла гузари, кутубхона, болалар майдончаси, спорт комплекси барпо этилган. Ички йўллар қурилиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти тикланган.
Аввал бу ҳудудда маҳалла фуқаролар йиғини биноси бўлмаган. Маҳалла ходимлари ҳудуддаги 14-мактабнинг бир хонасида жойлашган эди. Бугун кунда бир қаватли бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бинода давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшлар учун мусиқа, компьютер ва бошқа хоналар ажратилган. Шунингдек, ҳудуддаги 130 ўринли 5-мактабгача таълим ташкилоти, 150 ўринли мактаб биноси ҳам қайта таъмирланди.
– Техноген фалокат туфайли маҳалламиздаги барча уйларга талафот етди, – дейди “Янги Тошкент” МФЙ раиси Абдурауф Шодмонов. – Илгари барча хонадонлар атрофида қўшимча бинолар қурилган ва ҳовли девор билан ўралган эди. Ҳаммасини тошқин ювиб кетди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан олиб борилган кенг кўламли ишлар сабаб маҳалламиз янги қиёфага кирди. Маҳалла ҳақиқатдан ҳам янги Тошкент бўлди. Ўйдим-чуқур кўчалар текис ва равон бўлди. Аҳолининг ўттиз фоизи кўрсатилган моддий ёрдамдан фойдаланиб автомобиль олди, том маънода уларнинг турмуш шароити яхшиланди. Бугунги кунда барча аҳоли ўз уйига кўчиб келган. Тошқин ва ўша тонг унутилди, тўйлар бошланди.
Бу ҳудуда илгари кутубхона йўқ эди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида замонавий кутубхона қурилди. Мазкур маърифат маскани ўтган ой фаолиятини бошлади.
– Кутубхонамизда 1000 дона ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари бор, – дейди “Янги Тошкент” МФЙ кутубхоначиси Шоира Орипова. – 4 та компьютер интернетга уланган, китобхонлар Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг электрон китобларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши мумкин. 15 китобхон бир вақтда кутубхонага келиб мутолаа қилиши мумкин. Уларнинг талабидан келиб чиқиб, китоблар уйда ўқиш учун ҳам берилади. Мақсадимиз, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишдан иборат.
Маҳалла аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 100 та янги иш ўрнига эга “Нафис либослар” тикувчилик корхонаси қурилди. Илгари маҳалла хотин-қизларининг кўпчилиги ишсиз эди. Эндиликда улар маҳалла ҳудудида бунёд этилган мазкур тикув-трикотаж корхонасида иш бошлайди.
– Тадбиркор сифатида газаблок ишлаб чиқариш билан шуғулланаман. Бундан ташқари, дераза ва эшик тайёрловчи корхонам бор. Биринчи марта текстил соҳасига қўл уриб, тикув-трикотаж корхонасини очдик. Лойиҳа 500 миллион сўм ўз маблағимиз ва банкнинг 2 миллиард сўм кредити асосида амалга оширилди. Гулустон шаҳридаги ҳамкорларимиз хомашё етказиб беради, биз тайёр маҳсулот жўнатамиз.
Бинода қурилиш ишлари якунланган. Электр, табиий газ ва сув тармоқлари тортилган. Бугунги кунда Хитойдан олиб келинган тикув дастгоҳларини ўрнатяпмиз. Корхонамиз жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушади, 2021 йилдан тўлиқ қувватда ишлайди ва йилига 500 минг дона текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ишчиларнинг кўпчилиги шу маҳалла хотин-қизларидан олинади.
Кейинги йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 60 фоизи Россия, Тожикистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади. Сирдарё вилоятининг яна икки қишлоғида шу каби корхона қуриб, хотин-қизларни иш билан таъминлашни режалаштиряпмиз, – дейди корхона раҳбари Баҳром Тоштемиров.
Аҳолининг таъкидлашича, маҳаллада табиий газ қувурлари бўлган, лекин газ берилмаган. Айни пайтда аҳолига табиий газ, шунингдек, шу вақтгача маълум муддатларга берилган электр токи ва ичимлик суви узлуксиз етказиб берилмоқда.
Маҳалла ҳудудида 2004 йилда қурилган оилавий поликлиника ҳам қайта реконструкция қилинди. Мазкур лойиҳа қиймати 623 миллион сўмни ташкил этиб, тўлиқ давлат бюджетидан молиялаштирилган.
Поликлиникада янги тиббиёт ускуналари, ЭКГ, УЗИ ўрнатилди. Болалар невропатологи, УЗИ шифокори иш бошлади, дорихона ташкил этилди. Пировардида, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.