Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги тоифа олиш учун синовлар бошланди
17:20 / 2020-09-23

Сурхондарё вилоятида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси навбатдаги малака (тест) синовларини ўтказмоқда.


Сурхондарё вилоятида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси навбатдаги малака (тест) синовларини ўтказмоқда.

Ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш ҳамда уларнинг малакасига яраша тоифа бериш орқали ўзаро соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этиладиган аттестацияда ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказиш учун 7 минг 828 педагогдан ариза қабул қилинган. Уларнинг 2 минг 948 нафари олий ва биринчи малака, 4 минг 880 нафари мутахассис малака тоифасидан иккинчи малака тоифасига ошириш истагини билдирган.

– Жорий йилда педагоглар учун ўтказиладиган малака (тест) синовлари коронавирус пандемияси сабабли тўхталиб турилган эди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси таълим сифати мониторинги бўлими бош мутахассиси Х.Мирзоев. 

4.jpg

– Республика махсус комиссияси қарори билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўплаб соҳаларда босқичма-босқич тикланиш жараёни бошланди. Шу жумладан, бизнинг тизимда ҳам аттестацияга жалб этиладиган педагоглар учун малака (тест) синовларини ўтказиш бошланди. Шундай қилиб, жорий йилнинг 27 сентябригача умумтаълим муассасалари педагоглари учун ўқув фани бўйича малака (тест) синовлари ўтказиб, 2 минг 948 нафар ўқитувчи жалб этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сон қарори билан тасдиқланган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ўқитувчилар салоҳиятини адолатли баҳолаш мақсадида жараён соддалаштирилган. 

Хусусан, аввалги тартиб бўйича педагог ўз малакаси, билими ва салоҳиятига ишонса-да, фақат ҳар беш йилдагина аттестацияга жалб этилган. Бу жараёнда педагог мутахассисликдан олий тоифани қўлга киритгунича 13 йил кутишига тўғри келар эди. Янги тартибга кўра, беш йиллик мажбурий муддат бекор қилиниб, педагог ёзма аризасига биноан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

10.jpg

Малака (тест) синовлари Термиз давлат университетида реал вақт режимида, барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилган, замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган хонада онлайн тарзда ўтказилмоқда. Педагоглар саломатлигини сақлаш учун синовлар санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил этилаётир. 

Бу жараёнда шаффофликни таъминлаш учун жалб этилган назоратчилардан ташқари, синовлар кузатув камералари орқали ёзиб олинмоқда. Ўқитувчилар тестни якунлаши билан қайд этган натижаларини билиб олмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, малака синовлари учун мўлжалланган тестлар сифати ҳам йилдан-йилга такомиллашиб бораяпти. Таълим инспекцияси мустақил экспертлар билан ҳамкорликда тестлар тузишда асосан, хотирани эмас билим ва кўникмаларни синовдан ўтказишга қаратилган саволларга алоҳида эътибор қаратган. 

15.jpg

Соҳа ходимларига кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан “Педагог кадрлар ва уларнинг аттестация натижалари тўғрисидаги маълумотлар учун махсус электрон база” (pka.tdi.uz) ишга туширилган. Эндиликда педагог шахсий идентификация рақами (PINFL), паспорт серияси ҳамда рақамини киритиб, аттестация натижалари билан танишиши мумкин.

Мазкур базада малака (тест) синов натижалари, дарс ўтиш маҳорати ҳамда меҳнат самарадорлиги бўйича олинган баллар, аттестация комиссиялари томонидан чиқарилган қарорлар ва малака тоифа сертификати ҳақидаги маълумотлар жамланган. Шунингдек, педагог кадрларнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат серияси ва рақамини киритиш орқали сертификатнинг кимга тегишлилигини ҳам текшириш мумкин. Бу янгилик очиқликни таъминлаб, турли фирибгарликларнинг олди олишга хизмат қилади.

Малака (тест) синови уч сменада ташкил этилмоқда. Бугун, кимё, биология, география, физика ва иқтисодий билим асослари фанларининг ўқитувчилари ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказаётир. Эртага воҳадаги умумтаълим муассасаларининг хорижий тиллар филологияси педагоглари тест синовларини топширади.