French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги тизимнинг дастлабки самаралари
17:40 / 2026-02-02

Бугун қишлоқ хўжалиги энди фақат даладги меҳнат билан чекланмайди – у инновация, технология ва янги ғоялар билан уйғунлашиб, замонавий агроиндустрияга айланмоқда. Бугунги кунга мослашиш, мавжуд имкониятдан самарали ва оқилона фойдаланиш нафақат ҳосилдорликни оширади, балки маҳаллаларда барқарор даромад, янги иш ўринлари ва миллий брендлар пайдо бўлишига ҳам замин яратади.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу йўналишда қилинаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосига айланди.

Шу асосда ташкил этилган “Agro Star” лойиҳалари орқали бугунги кунда иссиқхоналар, агрокомплекслар ва экологик тоза усуллар жорий этилмоқда, томорқа ер эгалари ҳамда деҳқон хўжаликлари учун мутлақо янги имкониятлар яратилмоқда.

Шу кунларда Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича Кенгаш раиси С.Аннакличев ҳамда “Uzagrostar holding” компанияси раҳбарияти қатор ҳудудларда бўлиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишмоқда.

[gallery-27434]

Дастлабки манзил – Андижон вилояти. “Asaka – Agro Star” ихтисослашган компанияси томонидан “Файзобод” МФЙ ҳудудидаги 3 гектар ер майдонида замонавий иссиқхона фаолияти йўлга қўйилди. Бу орқали 15 нафар фуқаро расмий иш жойига ва барқарор даромадга эга бўлди. Иссиқхонанинг 0,7 гектар қисмида сабзавот кўчатлари, 2,3 гектар қисмида эса полиз экинлари етиштирилмоқда.

Маҳаллий чириндилар ўрнига таркибида ҳеч қандай зарарли воситалар бўлмаган торф, перлит ва вермикулит аралашмаларидан фойдаланилади. Натижада сабзавот кўчатлари етиштириш муддати 60-65 кундан 30-35 кунга қисқарди. Бундан ташқари, экологик тоза, касаллик ва зараркунандалардан ҳоли кўчатлар етиштирилади.

Максус кассеталарга уруғ экиш технологияси жорий этилмоқда. Мазкур ускуна максус кассеталарга 1 соатда ўртача 30 мингта уруғ экиш имкониятига эга. Таqqослаш учун агар қўл меҳнатидан фойдаланилса, 1 киши кун давомида 400 тагача уруғ экиши мумкин, холос.

Шундан сўнг, Фарғона вилоятидаги лойиҳалар кўздан кечирилди. “Oltiariq – Agro Star” томонидан “Зилол” МФЙ ҳудудидаги қарийб 5 гектар ер майдонида агрокомплекс ташкил этилмоқда. Унда узум, мева ва сабзавотларни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш занжири яратилади. Мажмуа “Узумчилик мактаби”, фитосанитария лабораторияси, илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда янги навдаги узум кўчатларини етиштириш учун иссиқхона, 2 минг тонна сиғимли музлатгичли омборхона, узум плантацияси, томчилатиб суғориш тизими ва 300 кВтли қуёш панелларини ўз ичига олади.

Маълумки, Қува туманининг асосий драйвери – гулчилик ва мевачилик ҳисобланади. Ҳудуддаги маҳаллаларда ихтисослашувни янада чуқурлаштириш мақсадида “Quva – Agro Star” ихтисослашган компанияси томонидан аҳолига енгил конструкцияли замонавий гул ва мева дўконлари қуриб бериш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Намуна тариқасида “Фарғона – Андижон” магистрал йўли ёқасида гулчилик билан шуғулланувчи бир нечта хонадонга дўкон қуриб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, жойларда тизимли равишда олиб борилаётган лойиҳалар хайрли мақсадларга қаратилган. Зотан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Uzagrostar холдинг” ҳамда унинг муассислигидаги ихтисослашган компаниялар қишлоқ хўжалигига замонавий ёндашувнинг илғор намунасига айланиб бормоқда. Бинобарин, инновацион технологиялар, экологик тоза маҳсулот етиштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича Кенгаши раҳбариятининг ҳудудларда ўтказилаётган бу каби ўрганиш тадбирларида Президентимиз томонидан берилган топшириқларни ўз муддатида ва сифатли бажариш, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан манфаатли лойиҳаларни кўпайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумот учун, мазкур Кенгаш раиси С.Аннакличев “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси ҳам саналади.

ЎзА