Бугун рақамлаштириш билан боғлиқ жараёнлар ҳар бир соҳага кириб борди ва у ривожланиш, самарадорликка эришишда ўз натижасини бермоқда.
Табиий газ назорати ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳаси ҳам тизимдаги кўпгина тушунмовчиликларнинг олдини олиш, энг аҳамиятлиси, табиий газ тежалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни вақтда Навоий вилоятида истеъмолчилар хонадонларига 86 мингта “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилди. Уларнинг 85 минг 87 таси махсус базага киритилди. Шундан Кармана туманида 28410, Қизилтепа туманида 14624, Хатирчи туманида 11167, Навоий шаҳрида 13 882 та хонадонда айни вақтда истеъмол қилинган табиий газ учун ҳисоб-китоблар автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилмоқда. Бу эса табиий газнинг иқтисод бўлиши ва дебитор қарздорликнинг камайишига хизмат қилмоқда.
“Ақлли” ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши эвазига қарздорлик биргина аҳоли истеъмолчиларининг ўзида 20 фоизга камайди. Жумладан, 2020 йилнинг 1 сентябрь ойи ҳолатига аҳоли истеъмолчиларининг дебитор қарздорлиги 9 миллиард 449 миллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил 1 сентябрь ҳолатидаги қарздорлик 7 миллиард 780 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Маълумки, автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши муносабати билан ҳудудлардаги табиий газ таъминоти уч босқичли тизимдан икки босқичлига ўтказилмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда мавжуд 3638 та газ тақсимлаш қурилмасидан 304 таси демонтаж қилиб олиниб, натижада 83 минг 660 куб газ тежалишига эришилди.
Абдували Бўриев, ЎзА