Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди
10:07 / 2025-08-12

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Нукус шаҳрида “Bobur Med hospital” кўп тармоқли клиникаси, 11 ва 12-сонли оилавий поликлиникаларнинг янги бинолари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга, уни халқимизга янада яқинлаштириш борасида кўплаб эзгу ишлар олиб борилмоқда. Бунинг яққол далили сифатида тиббиёт муассасалари янги биноларининг фойдаланишга топширилишини келтириш мумкин.  

Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган иншоотлардан бири  Нукус шаҳридаги “Bobur Med hospital” кўп тармоқли клиникаси ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, ушбу клиника Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб иш бошлаган хусусий туғруқхона ҳисобланади. Бу ерда оналар ва болалар учун барча қулай шароитлар яратилган.

Нукус шаҳридаги “Чимбой гузари”, “Қутли макон”, “Яшил боғ” маҳалла фуқаролар йиғинлари  ҳудудида яшовчи 20 минг нафардан ортиқ аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бундан 3 йил олдин контейнер типидаги тиббиёт пункти ишга туширилган эди. Эндиликда ушбу ҳудуд аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган 11-сонли оилавий поликлиника фойдаланишга топширилмоқда. Умумий қиймати 5 миллиард сўм бўлган ушбу замонавий иншоотни ўз вақтида қуриб битказишда “Гентиклаш қурилиш” масъулияти чекланган жамияти  қурувчиларининг меҳнати катта бўлди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами арафасида ишга туширилаётган мазкур оилавий поликлиникада 23 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиш учун етарли шароитлар яратилган.

Нукус шаҳридаги 12-сонли оилавий поликлиника жамоаси “Янги бозор”, “Нурли бўстон”, “Қўс кўл”,  “Янги замон” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 19 минг 528 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Авваллари ушбу ҳудудлар аҳолисига тиббий хизмат 2-сонли оилавий поликлиника томонидан амалга ошириб келинган бўлса, бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш вазифаси ижросини таъминлаш доирасида ҳукуматимиз томонидан янги оилавий поликлиника биноси учун 7,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Барча шароитларга эга янги оилавий поликлиника биноси “Амударё махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти  қурувчилари томонидан сифатли битказилди.

Янги тиббиёт муассасаларининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирларда сўзга чиққанлар Оролбўйи аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилашга қаратаётган алоҳида эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиришди.  

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.