Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги тиббий профилактика ва патронаж тизими самараси қандай?
14:35 / 2022-02-05

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ва Марғилон шаҳрида тажриба тариқасида янги тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий этилди.

Мазкур йўналишдаги ишлар аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутмоқда. Тиббиёт муассасаларидаги илк бор йўлга қўйилган рақамлаштириш жараёни бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимида  аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қилди.

Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва замонавий тиббий жиҳозлаш  ишларига 24 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида  компьютер, планшет ва бошқа зарур жиҳозлар олинди ва тўлиқ локал интернет тармоқларига уланди. 13 та оилавий поликлиникада реконструкция ишлари бажарилди. Шунингдек, “электрон поликлиника” ахборот тизими жорий этилди. Ҳар бир маҳалла кесимида биттадан жами 72 та “тиббиёт бригадалари” ташкил этилиб,  шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари жалб этилди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.

– Ҳар бир хонадон ва маҳаллаларнинг тиббий картаси шакллантирилди, – дейди Олтиариқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шуҳратхон Бузруков. – Шу билан бирга аҳолини электрон базаси ҳам яратилиб, саломатлик кўрсаткичига мувофиқ, 4 та саломатлик гуруҳларига ажратилди. Тиббиёт тизимида автоматлаштирилиши натижасида айрим қоғозбозликларга чек қўйилиб, маълумотларнинг электрон алмашинув тизими йўлга қўйилди. Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларига дори воситалари учун ажратиладиган маблағ 3 баробарга оширилиб, аҳоли жон бошига 15 минг сўмга етказилди. Мазкур ишлар натижасида аҳолининг вилоят ва тумандаги марказий шифохоналарга қатнови сезиларли даражада камайди. “Электрон поликлиника” тизими жорий этилиши билан, аҳоли ва муассаса ўртасида электрон алоқа ўрнатилиб, вақти тежалган ҳолда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатила бошланди.

Ҳамза шаҳарчасидаги туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг “Тинчлик” шаҳарча қисми замонавий талаблар асосида қайта таъмирланди. Эндиликда, оилавий шифокор пунктларига мурожаат қилган беморларга аниқ ташхис қўйиш учун оворагарчиликларга бутунлай барҳам берилди. Шу ернинг ўзида ахборот алмашинув орқали малакали мутахассислар кўмагида қисқа фурсат ичида касалликни аниқлаб, даволаш муолажаларини олиб бориш мумкин бўлмоқда.

Дастур доираси тумандаги  кўп тармоқли марказий поликлиника тўлиқ таъмирланиб, шифокор ва беморлар учун  қулайликлар яратиб берилди.  Уч қаватли  бинода жарроҳ, терапевт, акушер-гинеколог, стоматолог сингари тор доирадаги мутахассислар хизмати йўлга қўйилган.

Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам тиббий хизмат сифатига муҳим эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий этилган “Қишлоқ шифокори” дастури ўзига хос янгилик бўлди. Дастур доирасида  олис ва чекка ҳудудларда ишга қабул қилинган врачларга  30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи, хизмат уй-жойи билан таъминлаш тартиби жорий қилинди.

Тоғли Сўх туманида ҳам тажрибали шифокорларга эҳтиёж бор эди. Ана шундай мутахассислардан бири Миролим Ғозиев бўлади. Ўзбекистон туманида туғилган, Миролим Ғозиев 1996 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаб ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда ишлаш бошлади. “Қишлоқ шифокори” дастури билан танишгач Сўх туманига ишлаш истагини билдирди. Айни кунда  Мулгон оилавий шифокорлик пунктида оила шифокори бўлиб хизмат қилмоқда.    

– Аҳоли саломатлигига қараб 4 та гуруҳга бўлиб олдик, – дейди шифокор. – 1-гуруҳ соғлом одамлар. Уларга соғлом турмуш тарзига риоя этиб юришлик, тўғри овқатланишга доир маслаҳатлар берамиз. 2-гуруҳ соғлом, лекин касал бўлиш хавфи бор инсонлар. Мисол учун ортиқча вазни бор, кам ҳаракат қилади. Ана шуларга тўғри тавсиялар берсак, келажакда хасталикка чалинмайди. 3-хавф гуруҳи сурункали касали бор фуқаролар.

Улар доимо назоратда бўлади ва 4-гуруҳдагилар эса иккита ва ундан ортиқ касаллиги бор ёки бир жойда ётиб қолган беморлар. Уларнинг хонадонларига  мобиль поликника билан  бирга борамиз. Бу ерда ишлаб қадр-қиммат топдим,  фаолиятим давомида кимгадир ёрдамим  тегаётгани, одамлар оғирини енгил  қилаётганим билан фахрланаман.

Шифокор  тоғлар бағрида яшовчи, содда, самимий одамларнинг кўнглига осон йўл топмоқда. Уларнинг хонадонларига кириб бориб, саломатликлари билан яқиндан танишади ва ўзи учун керакли вазифаларни белгилаб олади.

Кейинги йилларда Сўх туманида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилашга бўлган эътибор ошди.  Ўтган йилнинг ўзида тиббиёт бирлашмасига қиймати салкам 100 000 АҚШ долларига тенг бўлган кардиомонитор, 1 та дефибрелятор аппарати, 3 та инфузоматор дастгоҳи, коронавирусни даволашда ишлатиладиган 4 та СИПАП, 1 та жарроҳлик ускунаси ва дори-дармонлар етказиб берилди. Оғир беморларга шошилинч ёрдам кўрсатишга мўлжалланган янги “HYUNDAI” русумли  реанимобиль тақдим этилди. 3 миллиард 690 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган юқумли касалликлар бўлими аҳоли хизматида.

М.Сулаймонов, ЎзА