Бугун ҳаётимизни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кундалик хизматлардан тортиб, иш жараёнларигача сунъий интеллект тобора кўпроқ кириб келмоқда. Ана шу жараёнда маҳаллий компанияларнинг замонавий технологияларни ўзлаштириши ва ҳамкорликни кучайтириши айни муддао.
Шу мақсадда Unicon-soft компанияси ҳамда Сунъий интеллект альянси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида 2026 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган ҳамкорлик йўналишлари белгиланди. Хусусан, томонлар қуйидаги хакатонлар ва инновацион танловлар орқали ёшлар ва стартаплар учун имкониятлар яратиш, янги ғояларни қўллаб-қувватлаш, R&D йўналишида қўшма лойиҳалар доирасида сунъий интеллект асосидаги ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, давлат ва хусусий сектор учун AI ечимларини ишлаб чиқиш, пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда рақамли хизматлар сифатини ошириш, кадрлар тайёрлаш — тренинглар, семинарлар ва амалий машғулотлар орқали мутахассислар салоҳиятини ошириш соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.

Ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни мустаҳкамлаш ҳамда янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА