Илғор немис ишлаб чиқарувчиларидан ташкил топган "Bridge hub" компания вакиллари томонидан пойтахтимизда семинар-тақдимот ташкил этилди. Унда Марказий Осиё ва республикамиздаги турли соҳа мутахассислари, жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ вакиллари ҳам иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади янги технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарувчилар дуч келадиган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда маҳсулот сифатини яхшилаш учун самарали ечимни тақдим этишдир.
Тадбирда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси в.б. Шоҳрухали Садиллаев ҳам иштирок этиб, соҳада амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритди.
Тақдимотнинг асосий қисмида йиғилганларга лак-бўёқ ишлаб чиқариш технологияси ҳақида маълумот берилди. Жумладан, сифатли хомашё билан таъминлаш, лаборатория текширувларини ўтказиш, сифатли ускуналар сотиб олиш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳақида тўхталиб ўтилди.
[gallery-16174]
– Бугунги кунда глобал миқёсда сув танқислиги масаласи долзарблигича қолмоқда, – дейди "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси Шохрухали Садиллаев. – Истеъмолдан тортиб ишлаб чиқаришгача бўлган барча йўналишда сувнинг ўрни жуда муҳим. Республика миқёсида бир йилда сарфланадиган сувнинг ўртача 9 фоизи ишлаб чиқаришга, саноатга сарфланади. Шуни инобатга олган ҳолда "Bridge hub" мутахассислари томонидан Германиянинг илғор компаниялари технологияларини қўллаш орқали Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда сув танқислигининг олдини олиш, сув сарфини қисқартиришга қаратилган тизимни жорий этиш тақдимот ташкилотчиларининг асосий мақсади эканлиги таъкидланди.
Биргина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган лак-бўёқ маҳсулотларини немис технологияси асосида ишлаб чиқаришда жорий сув сарфини 15 фоизгача қисқартиришга эришилиши мумкин. Тақдимот ташкилотчиларининг фикрича, бу жараёнда энерготежамкор воситалар ва экостандартларга мувофиқ воситалардан фойдаланиш экологик муҳитга ортиқча ташланмалар чиқарилишининг олдини ола
ди.
Шунингдек, "Bridge Hub" компанияси томонидан республика миқёсида кадрларнинг хорижда таҳсил олиш имконини яратиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш орқали экспорт ҳажмини ошириш, Ўзбекистонда илғор ишлаб-чиқариш лабораторияларини жорий этиш лойиҳалари илгари сурилди.
Семинар Ғарб технологик ҳамкорлари ва Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари ўртасида яқин ҳамкорликни рағбатлантириш, тажриба ва маълумот алмашиш учун ноёб платформани тақдим этди.
Шунингдек, "Bridge hub" мутахассислари "Eco systems" нинг европалик ҳамкорлари билан бизнесни ривожлантириш йўлида зарур ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган стартап лойиҳаларни яратиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА мухбири