Ҳар қандай соҳада ҳам халқаро ҳамкорлик, хориж муассасалари билан тажриба алмашиш, узвий алоқаларнинг йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро бу орқали янги билимлар олиш, илғор тажрибаларни ўрганиш мумкин.
Яқинда Россия Федерациясининг Пенза шаҳрида профессионал таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган нуфузли “Автопрофи – 2025” халқаро касбий маҳорат танлови ҳам автомобилсозлик, уларга хизмат кўрсатиш бўйича янги ташаббусларга қанот бағишлади.

Ушбу танловда Қўқон шаҳар 2-сон техникуми директори Воҳиджон Қобилов ва мазкур техникумнинг “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш” йўналиши 2-курс талабаси Улуғбек Исақов ҳам муносиб қатнашиб, ўз билим ва маҳоратларини намойиш этиб, фахрли 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
– Бугун юртимиз ёшларида компьютер технологиялари ва автомобилларга, умуман техникага қизиқиш жуда юқори. Бу қизиқишни чуқур билим билан тўлдириш, техник хизмат кўрсатишда янги ғоялар, замонавий ускуналар ва технологияларни ўрганиш зарур. Шу маънода “Автопрофи” танлови катта таассуротларга бой бўлди. Танловда қатнашганимдан ва ғолиблар сафида эканимдан мамнунман, – дейди Улуғбек Исақов.

– Ушбу тадбир техникумимиз учун нафақат ғолиблик, балки халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам муҳим платформа бўлди. Жумладан, Пенза транспорт технологиялари коллежи ҳамда Каменск тадбиркорлик ва транспорт технологиялари техникуми билан транспортларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича, шунингдек, Қозоғистон ва Белорусия давлатларининг таълим муассасалари билан муҳим ҳамкорлик шартномалари имзоладик. Келгусида бу ҳамкорлик ўқувчи-ёшларимизнинг малакали кадрлар бўлиб етишишида хизмат қилади, – дейди Қўқон шаҳар 2-сон техникуми директори Воҳиджон Қобилов. – Жорий йилда техникумимиз Свердловск области, Нижний Тагил шаҳридаги “Нижний Тагил металларга ишлов бериш ва сервис” техникуми билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатди. Бу ҳамкорлик айнан электромонтёр ва пайвандлаш каби талабгор йўналишлар бўйича тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлашга қаратилган.

Сафар доирасида Воҳиджон Қобилов халқаро даражадаги “Менежернинг профессионал барқарорлиги: бошқарув гуруҳлари учун стрессга қарши стратегиялар” ва “Автомобиль двигателини электрон бошқариш тизимлари учун техник диагностика воситалари” йўналишидаги малака ошириш курсини муваффақиятли ўтади.
Ушбу халқаро ҳамкорлик ва орттирилган билимлар техникум талабаларининг халқаро тажриба алмашиши, таълим сифатининг энг замонавий стандартлар асосида ошиши ва келажакда рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш учун кенг имкониятлар яратади.
М.Сулаймонов, ЎзА.