2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” да юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаати, маҳалла тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилмоқда. Шу маънода, Жиззах вилоятининг Бахмал туманида кузатилаётган янги ташаббуслар йил дастурининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Хитой Халқ Республикасининг “Xinjiang Huaxing Invest Group” компанияси, шунингдек, Чин ўлкасининг қатор етакчи компаниялари ва илмий муассасалар вакилларининг Бахмал туманига ташрифи маҳаллани комплекс ривожлантириш, уни замонавий агросаноат ва туризм ҳудудига айлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Ташриф давомида Бахмал туманини юқори қўшилган қиймат яратувчи, экспортга йўналтирилган агросаноат ва туризм марказига айлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Асосий эътибор хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали маҳаллада ишлаб чиқаришни кенгайтириш, илғор технологияларни жорий қилиш ва энг муҳими — аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Музокаралар натижасида қатор аниқ лойиҳалар белгилаб олинди. Жумладан, 1000 гектар ер майдонида замонавий картошкачилик кластери ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа уруғчилик ва селекция ишларидан тортиб, томчилатиб суғориш, механизация, маҳсулотни сақлаш ва чуқур қайта ишлашгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини қамраб олади. Натижада маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиб, қишлоқ аҳолисининг даромад манбалари кенгаяди.

2026 йилда маҳаллаларни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгилангани Бахмал туманида туризм соҳасида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Музбулоқ маҳалласидаги Бойқўнғирсой ҳудудида туризм кластерини ривожлантириш, замонавий мастер-режа асосида инфратузилмани яхшилаш режалаштирилган. Бу эса нафақат сайёҳлар оқимини оширади, балки хизмат кўрсатиш соҳасида юзлаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида илмий-инновацияларни жорий этиш, технологиялар трансфери ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Илмий муассасалар иштирокида амалга ошириладиган бу ишлар маҳаллий ёшларни замонавий билим ва касбларга эга қилиш, уларнинг ўз маҳалласида муносиб меҳнат қилиши учун шароит яратишга хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, хитойлик ҳамкорлар билан йўлга қўйилаётган ушбу лойиҳалар 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” ғояларига тўла мос келади. Улар Бахмал туманини иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш баробарида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳалланинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири