Бухоро вилоятида ёшларнинг хорижий тиллар, хусусан, инглиз тилини ўзлаштириш даражасини оширишга қаратилган “English for the Future” – “Келажак учун инглиз тили” лойиҳасига старт берилди. Мазкур ташаббус хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини янада ошириш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини халқаро талаблар асосида ривожлантиришни мақсад қилган.
Лойиҳа тажриба-синов тариқасида дастлаб Бухоро шаҳрида йўлга қўйилиб, кейинчалик уни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида умумтаълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчиларининг инглиз тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида махсус тест синовлари ўтказилмоқда. Ушбу синовлар орқали ўқувчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), грамматика ҳамда ўқиб тушуниш (reading) бўйича кўникмалари баҳоланади. МОСК тест синовлари учун ўқувчиларга 90 дақиқа вақт ажратилган.
Тест натижалари асосида ўқувчиларнинг билим даражаси чуқур таҳлил қилиниб, улар турли даражадаги гуруҳларга ажратилади. Синовлар якунига кўра, ўқувчилар учун бепул қўшимча тўгарак ва машғулотлар ташкил этилади. Мазкур машғулотлар умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижлик устозлар томонидан олиб борилиши лойиҳанинг муҳим ва ўзига хос жиҳатларидан бири ҳисобланади.

Лойиҳа ёшларнинг инглиз тилини амалий жиҳатдан пухта ўзлаштириши, халқаро имтиҳонларга тайёргарлик кўриши ҳамда келажакда таълим ва меҳнат бозорида рақобатбардош кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.
Айни пайтда Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида 68 нафар хорижлик ўқитувчи фаолият юритмоқда бўлиб, улар мазкур лойиҳа доирасида ўқувчилар билан иш олиб боради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.