Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорнинг 6-бандида суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш жараёнида ундирувни қарздорнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини узоқ муддатга ижарага олиш ҳуқуқига қаратиш бўйича соддалаштирилган тартиб жорий этилди.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани бўлими иш юритувида 3 та ижро иши бўйича 42 миллион 400 минг сўм солиқ қарздорлиги бўлган тумандаги “Qaru” фермер хўжалигига тегишли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси бўлим давлат ижрочилари томонидан хатловга олиниб, қарздорга ижро ҳужжатлари талабини бажариш учун 5 кунлик муддат берилган эди.
Шунинг натижасида фермер хўжалиги томонидан солиқ қарздорлиги, яъни 42 миллион 400 минг сўм белгиланган муддатда тўланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири