English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги тақдим этилган дарсликлар аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?
11:52 / 2023-11-17

Мактаблардаги сифатли таълим кўп жиҳатдан яратилаётган дарсликларга боғлиқ. Айниқса математика фани фақатгина мисол ва масалаларга асосланган фан эмас. Бу фан ўқувчини мантиқий фикрлаб, мулоҳаза юритиб, аниқ қарор қабул қилишга ундайди.

Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, математика фанидан давлат таълим стандартларида назарда тутилган кўникмалар ва ўқув дастурига сингдирилган мавзулар  мазкур фан учун нашр этилган янги авлод дарсликларида  акс этган.  

Хусусан, 6-синф ўқувчилари учун тақдим этилган   “Математика” дарслигида мусбат ва манфий сонлар тушунчаси банкларнинг мобил иловасидаги пластик картадаги маблағларни назорат қилиш механизмига эга “Мониторинг”  ойнаси орқали ўргатилади. Бундан ташқари, дарсликда лойиҳа иши орқали банкдан автокредит олиш жараёни анчагина тушунарли баён этилган. Қўшимча равишда интернет манзиллар ҳам берилган бўлиб, булар орқали ўқувчи банк таклиф қилаётган тариф ва хизматлардан қулайини ажрата олиш кўникмасини эгаллайди. Бу каби мисоллар орқали ўқувчилар математика фақат тенглама ёки мисол ва масалалардан иборат эмаслигини, математик билим фақатгина масалаларни тез ҳисоблаш эмас, балки моҳиятни англаган ҳолда, масала ва мисолларни мушоҳада қилиб, ҳаёт билан боғлаб бажариш муҳим эканлигини англаб етади.  

Республика таълим маркази ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги “Математика фани бўйича Илмий методик кенгаш”  ўртасида ташкил этилган йиғилишда кенгашнинг  5-6 синф математика фани ўқув дастури муҳокама этилди.  

Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепцияси”да ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш,  халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.  

Йиғилиш давомида Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда кўплаб мурожаатларда берилган таклифларни инобатга олган ҳолда янги Ўқув дастурида математика таълими мазмуни, мустақил ҳаётда қўллаш имконияти бўлган математик саводхонликни, танқидий фикрлаш ва ижодкорлик компетенцияларини шакллантириш учун такомиллаштирилганлиги қайд этилди.  

Мулоқот жараёнида Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари, физика-математика фанлари доктори, профессор А.Худойберганов, Ўзбекистон Республикаси Қаҳрамони, математика фани ўқитувчиси М.Шаропова,  Тошкент шаҳридаги Аниқ ва ижтимоий фанлар университети ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Г.Ботиров  ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси, дарсликлар муаллифи,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, профессор М.Мирзааҳмедов  каби мамлакатнинг   етакчи олимлари ва амалиётчи ўқитувчилари ҳамда кенгаш аъзолари иштирок этди.  

Йиғилиш сўнгида кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан ўқув дастури фойдаланишга тавсия этилди ва уни тасдиқлаш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборилди.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА