Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти филиали томонидан давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган инсон ресурсларини ривожлантириш бўлими раҳбар ва масъул ходимлари учун янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти юзасидан малака ошириш курслари ташкил этилди.
Мақсад янги қабул қилинган Меҳнат кодекси ва “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги” қонунга мувофиқ меҳнат муносабатларини тўғри ташкил этиш, ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий саводхонликни оширишдан иборат.
Малака ошириш курсида вилоят Давлат меҳнат назорати инспекцияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши, вилоят Адлия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари масъул ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Ўқувлар очиқ мулоқот ва савол-жавоб тарзида ташкил этилиб, унда ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган муҳим ҳужжат ҳисобланадиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси моддаларининг мазмун-моҳияти мисоллар ёрдамида содда ва аниқ тушунтириб берилди.
– Янгиланган Меҳнат кодексига бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори Музаффар Турдимов. – Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.
Ўқув семинари давомида тингловчиларга “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, hrm.argos.uz тизими билан ишлаш, жамоа шартномаси ва бошқа қатор иш жараёнлари тўғрисида маълумотлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА