Бефарқ эмасман

Дунёда ўзгармайдиган, янгиланмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Шу маънода, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва халқчил ислоҳотлар бугунги шиддатли глобаллашув даврида бир қанча қонунларимизнинг айрим моддаларига ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжини юзага келтирди. Жумладан, Конституциямиз ҳам ана шундай ҳаётбахш ўзгаришга эҳтиёж сезаётган эди.
Бу тарихий янгиланиш жараёни ниҳоятда пухта ўйлаб, халқ билан батафсил маслаҳатлашилиб, кенгашиб амалга оширилмоқда. Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг, ниҳоят, янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш арафасида турибмиз.
Таъкидлаш жоизки, бугун дунёнинг турли нуқталарида рўй бераётган таҳликали воқеалар инсониятдан огоҳлик ва ҳушёрликни янада оширишни, тинчлик ва тараққиёт йўлида ҳамжиҳатликни кучайтиришни талаб этаётир. Табиийки, бу глобал масалаларни ҳал этишда ёшлар сиёсати ва таълим ислоҳотларининг ўрни муҳим. Шу боис, бугунги кунда таълимга эътиборни кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, дея таъкидлаган эди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилганди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ана шу мақсад тўлақонли ўз ифодасини топганини кўрамиз. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг 52-моддасида аввалги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлмаган ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, қўшимча равишда: «Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади», деган банд ҳам илова қилинган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур конституциявий норма ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришга хизмат қилади.
Агар олий таълимдаги ўзгаришлар ҳақида сўрашса, комил ишонч билан айтиш мумкинки, бугун тизим тубдан ўзгарган. Бугунги кунда аксарият олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ходимларига ойлик устамалар берилмоқда.
Мамлакатимизда олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, олий маълумотли кадрлар салмоғини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, ўқишга қабул қилиш тартибига ўзгартиришлар киритилди, шунингдек, абитуриентлар учун бир қанча имтиёзлар белгиланди. Жумладан, давлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш, бештагача бакалавриат таълим йўналишини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш тартиби жорий этилди.
Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, мазкур қарорлар билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига академик мустақиллик, ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида қўшимча ваколатлар берилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 51-моддасида “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”, деган қоида мустаҳкамланган.
Умуман олганда, Конституциямизнинг янги таҳририда олий таълим ташкилотларига оид қоидаларни мустаҳкамлаш олий таълим билан қамровни кенгайтириш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини яхшилаш, давлат ОТМлар молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Конституциянинг янги таҳрири Ўзбекистоннинг таълим тизими, хусусан, олий таълимда фаолият юритувчи профессор-устозлар, ўқитувчиларнинг маънавий-жисмоний ҳимояси йўлида ташланган самарали қадам бўлиб хизмат қилади. Бунинг ортидан меҳнат бозорида талаб катта бўлган юқори малакали кадрлар етиштиришга замин яратилади.
Бектош РАҲМАТОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Таэквондо, каратэ назарияси ва услубияти кафедраси мудири (PhD).
ЎзА